Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтмоқда. Унда дастлаб низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини ривожлантиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Ўтган галги мажлисда мазкур қонун лойиҳасидаги айрим нормалар бўйича саволлар кўтарилиб, масъул қўмитага қайтарилган эди. Депутат Ойбек Йўлдошев қайд этганидек, ўтган муддат давомида лойиҳа мутахассислар, экспертлар, суд вакиллари иштирокида қайта кўриб чиқилиб, маромига етказилди. Киритилган ўзгартиришлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Медиация низоларни тарафларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули бўлиб, низони судгача ва суд жараёнида ҳал этишга қаратилган институт ҳисобланади. Мазкур қонун лойиҳасида медиация тартиб-таомилларини қўллаш учун рағбатлантирувчи нормалар, медиаторларга оид талаблар ва медиатив келишувларни ижро этиш қоидалари низоларни муқобил ҳал этиш механизмларидан бири сифатида белгиланмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги низоларни самарали ва тезкор равишда ҳал этишга, медиация тартиб-таомилларининг ҳамма жойда қўлланилишини рағбатлантириш орқали судлардаги юкламани мақбуллаштиришга хизмат қилади.
Моддама-модда муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА