Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Низоларни ҳал этишда суд амалиётидаги ёндашувлар
17:37 / 2025-09-03

Қорақалпоғистон Республикаси судида кўп квартирали уйлардаги умумий мол-мулкка эгалик қилиш, улардан фойдаланишда турар ва нотурар жой мулкдорлари ҳамда уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича семинар ташкил этилди.

Тадбирда фуқаролик ишлари бўйича судьялар, прокуратура масъул ходимлари, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, шунингдек, бошқарув сервис компаниялари раҳбарлари иштирок этди. 

Семинар давомида кўп квартирали уйларда юзага келадиган ҳуқуқий низолар, уларни ўз вақтида ҳал этишнинг аҳамияти, шунингдек, судлар томонидан қонунларни бир хилда ва адолатли қўллаш масалалари муҳокама қилинди.

Қорақалпоғистон Республикаси суди раисининг ўринбосари, фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси А.Керимбаев сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташаббуси билан тайёрланган “Кўп квартирали уйларда жойлашган турар ва нотурар жой мулкдорлари ҳамда уй-жойни бошқариш органлари ўртасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича” амалий қўлланманинг аҳамиятини алоҳида таъкидлади. Қайд этилганидек, мазкур қўлланма соҳадаги суд амалиётини яхшилаш ва турли талқинларни бартараф этишга хизмат қилади.

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьялари томонидан иштирокчиларга мазкур қўлланманинг мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди. Жумладан, мулкдорлар ва бошқарув органлари ўртасидаги шартномалар, уларни тузиш тартиби, тарафларнинг ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлари, судларга кимлар ва қандай асосда мурожаат қилиш мумкинлиги, аризалар намуналари ва лозим ҳужжатлар тўғрисида аниқ маълумот берилди. Шунингдек, суд харажатлари, давлат божидан бериладиган имтиёзлар, даъволарни қабул қилиш, қайтариш ёки рад этиш асослари ҳақида ҳам фикрлар билдирилди.

Семинар якунида соҳада йўл қўйилаётган камчиликлар, фуқаролар томонидан билдирилаётган ҳақли эътирозлар ва уларни бартараф этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чоралар юзасидан фикрлар алмашинуви бўлиб ўтди.

Бундай амалий тадбирлар кўп квартирали уйлардаги муносабатларни ҳуқуқий асосда тартибга солиш, фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва суд амалиётида ягона ёндашувни таъминлашга хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА