Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“NIS AI” номли янги замонавий мактаб очилди
11:48 / 2025-09-04

Мустақиллигимизнинг ўттиз тўрт йиллиги муносабати билан Наманган вилояти Давлатобод туманида яна бир замонавий таълим маскани – “NIS AI” хусусий мактаби ўз фаолиятини бошлади.

Мазкур қувончли воқеа нафақат янги ўқув йили, балки мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга ҳам муносиб туҳфа бўлди. Шу муносабат билан ўтказилган тантанали очилиш тадбирида Наманган вилоят ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров, Давлатобод тумани ҳокими Анвар Тожимирзаев иштирок этди.

Унда таъкидланганидек, Наманган вилоятида ёш авлод камолоти йўлида салмоқли ишларга қўл урилди. 2017-2025 йилларда 327 та умумтаълим мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилиб, 61 мингта қўшимча ўқувчи ўрни яратилди. Қолаверса, вилоятда ташкил этилаётган нодавлат таълим муассасалари сони ҳам ошиб бораётганлиги таҳсинга молик. 

Тадбиркор Муҳаммад Элёр Йўлдошев ташаббуси билан барпо этилган “NIS AI” хусусий мактаби 320 нафардан зиёд ўқувчини қамраб олди. Лойиҳа орқали 50 нафар янги иш ўрни яратилди. Замонавий талабларга жавоб берадиган мазкур маскан Наманганда биринчи, янги босқични бошлаб бермоқда. Яъни, замонавий билимгоҳда анъанавий фанлар билан бир қаторда, сунъий интеллект саводхонлиги, робототехника, маълумотлар таҳлили ва рақамли кўникмалар ўқитилади. 

“Cambridge + PICE + AI” модели асосида халқаро тажрибалар татбиқ этилади. “Steam” дастури орқали ўқувчиларнинг қобилияти ривожлантирилади. Мактаб ҳузурида “AI” ва медиа лабораториялари, робототехника маркази ва “3D-мейкерспейс” ташкил этилган бўлиб, улар ўқувчиларнинг ижодий ва тафаккур салоҳиятини теран очишга хизмат қилади. 

– Таълим соҳасидаги фаолиятимни бундан 21 йил аввал бошлаганман. 2019 йилдан Чортоқ туманида мактаб фаолиятини йўлга қўйган эдим. Ҳозирда Наманган шаҳри ҳамда Чуст, Поп, Косонсой, Уйчи туманларида ўз филиалларимиз мавжуд. Янги очилган “NIS AI” хусусий мактаб эса “Namangan International School”нинг еттинчи филиали ҳисобланади. Ушбу мактаб эртамиз эгаларини замон талабларига мос билим ва кўникмалар билан таъминлайдиган, уларни халқаро миқёсда рақобатбардош кадрлар сифатида етиштирадиган янги авлод таълим маскани ҳисобланади, – дейди тадбиркор ва педагог Муҳаммад Элёр Йўлдошев. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.