Халқимизда кўп еган тўймайди - оз еган ўлмайди, деган мақол бор. Умуминсоният қаторида бизнинг халқимиз ҳам бугунги кунга қадар тарихнинг мураккаб чиғириғидан ўтиб келган. Одам яралибдики, биринчи навбатда оч қолмасликнинг чораларини қилишга интилиб яшайди. Бунга сабаб жисмимизга озуқанинг зарурати, албатта. Бироқ ҳар нарсада бўлгани каби емоқда ҳам меъёр мавжудлигини унутган кишилар бугунги кунда кўпайиб бормоқда.
Сир эмаски, қаерда нимага талаб кўп бўлса, ўша ривожланади. Энди бир ўйлаб кўринг, бугун туман ва шаҳарларимизда ҳар қадамда битта ошхона эмасми?
Албатта, бу ҳам тадбиркорликнинг ривожи, дейишингиз мумкин. Ўринли фикр. Аммо бугунги тўйларга бир назар солайлик. Дастурхондаги неъматлар икки уч соатлик кўргазма вазифасини ўтамоқда холос. Ундан кейин уларнинг тақдири номаълум. Ё қайсидир ахлатхоналарга безак, ё қайсидир ҳайвонларга емиш бўлади. Айтишингиз мумкин, одамларга тарқатилади деб. Лекин уларга етиб боргунича сифат ўз сўзини айтмай қолмайди.
Гарчанд, Ҳукуматимиз тўйларда йўл қўйилаётган исрофгарчиликларнинг олдини олиш чораларини кўраётган бўлса-да, айрим тоифадагилар бунга амал қилишга шошилмаётганлари ҳам бор гап.
Кундалик ҳаётимизда ҳар биримиз ошхона хизматларидан фойдаланиб турамиз. Бир дунё таом буюртма бериб, ҳар биридан хўроз чўқигандек тотиб кўргач, чала ейилган емакни столда қолдириб, тўлов қилиб кетганларга ҳам гувоҳ бўламиз.
Тасаввур қилинг, шундай ҳолатларга кўзингиз тушса, битта нон сотиб олиш учун пул топа олмаётган мусофир-у талабалар, саломатлигини тиклаш учун дори-дармонга имкон топа олмаётган беморлар аҳволи не кечмоқда?
Муқаддас китобларимизда ҳам, қолаверса, бизнинг қадриятларимизда ҳам инсонийлик бош мезон сифатида қаралади. Шундай экан, ўзгаларга ҳам, ўзимизга ҳам исрофни эмас, инсофни раво кўрайлик. Зеро, нимани қилсанг хор, шунга бўласан зор – дея бежиз таъкидламаган доно халқимиз.
Шербек Исломов, ЎзА