Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нима учун ўзгаришимиз, бирлашишимиз, курашишимиз керак?
14:07 / 2019-09-04

Маълумки, ривожланган мамлакатларда миллий ғоя давлат мақсадларини халқ мақсадларига уйғунлаштиради.


Маълумки, ривожланган мамлакатларда миллий ғоя давлат мақсадларини халқ мақсадларига уйғунлаштиради. “Бир ҳудуд — бир халқ” эътиқодини шакллантириб, мамлакатлар аҳолисини бирлаштирганини, умумий мақсад йўлида сафарбар қилганига мисоллар кўп. Уларнинг аксарида миллий ғоя миллий қадриятларга боғлаб сингдирилганини кўрамиз.

Масалан, “Тарих – синтоизм – конфуцийлик – самурайлик иродаси” қадриятлари негизида япон миллий ғояси ишлаб чиқилди. Одамларга ишонч, рағбат берилди. Мактабнинг тарбиявий ишлар тизими, ғояси ислоҳ қилинди. Уюшган миллатнинг жуда қаттиқ меҳнати ўлароқ дунё “Япон мўъжизаси”нинг гувоҳи бўлди.

Хитойда ҳам миллий заминга – Конфуций таълимотига мурожаат қилинди. Конфуций меросидан диний таълимот эмас, балки ахлоқий (хулқ учун) асос сифатида фойдаланди. Ёшлар тарбияси “Она Ватанга хизмат қилиш ва содиқ бўлиш” ғояси асосида ташкил этилди. Ёшларга шахсий ва миллий манфаатларни уйғун тутиш ўргатиб борилди.

Америка Қўшма Штатларида давлат мафкураси йўқ, деб ҳисобланади. Аммо америкаликларнинг маънавиятини ўрганган олимлар АҚШ каби мафкуралашган давлатни топиш қийин, дейишади. Бу ерда мафкура вазифасини “Америка орзуси” (American Dream) бажармоқда. У давлатнинг олий қадриятлари йиғиндиси, миллатнинг маънавий онаси деб тушунилади. “Америка орзуси”нинг асосий тушунчаларини шахс эркинлиги, эркин тадбиркорлик, демократия, муваффақиятга эришишга қаратилган меҳнат ташкил қилади. Америкаликлар мафкура бўлмаса, давлат бошқарувида тизимлилик бўлмайди, тизимсиз эса самарали сиёсат бўлиши мумкин эмас, деб ҳисоблашади. Шу боис, давлат арбоби У.Сэфайр “Агар Америка тузуми – скелет бўлса, американча орзу – унинг қалбидир”, деган эди.

Жанубий Кореяда ҳам миллий ғоя халқнинг миллий ўзлигига ва ёшлар тарбиясига қурилди. Мактабда миллий ғоя ёшлар онгига урф-одатлар, ахлоқий идеаллар орқали сингдириб борилди. Ёшларни ҳаётга тайёрлашда оила, мактабгача таълимга алоҳида эътибор қаратилди. Ҳозир ҳам корейс оилаларида умумий бюджетнинг 56 фоизи боланинг инсон капитали – Human Capital учун сарфланмоқда.

Миллий ғояга янги давр, миллатимиз тарихининг янги босқичи талабларидан келиб чиққан, реал талаблар қўйилмоқда. Илгари миллий ғояни тушуниш ва тушунтиришда ноқулайликлар учраб турар эди. Масалан, одамларнинг қулоқлари “миллий ғоя” деганда давлат ва халқ бирлиги тараннумини эшитарди. Лекин кўзларимиз ҳокимликлар, вазирлик ва идораларнинг олдидаги темир панжараларни кўрар эди. Халқ давлат органларига хизмат қилиши керак, деган нотўғри қоида амалда эди. Фуқаро ҳокимиятга эмин-эркин кириб-чиқолмас, дардини айтолмасди. Чунки амалда халқдан давлатни ажратувчи темир панжара бор эди. Эндиликда панжаралар кесиб ташланди. Лекин айрим амалдорларимиз онгида бу “панжара” ҳалигача турибди. Тафаккурдаги темир панжараларни қўпориб ташлаш қийин бўлаяпти. Миллий ғоя ана шундай вазият талабларидан келиб чиқиб янгиланмоқда. Илгари миллий ғояни ижтимоий-гуманитар, маънавий-маърифий масала, деб тушунилди. Бугун унинг иқтисодий-сиёсий пойдевори – Ўзбекис¬тонни ривожлантиришнинг Ҳаракатлар стратегияси бор. Тактикаси – ҳар йилнинг бош Дастури, маб¬лағи, ижрочиларилари бор. Демак, янги даврда миллий ғоя гуманитар масала бўлиб қолмайди. Чунки унинг натижасига қаратилган иқтисодий тизим ишламоқда. Миллий ғоя рўёби учун демократик муҳит ҳал қилувчи роль ўйнайди.

Демократия тўғрилик, ростлик, адолат, қонунийликнинг шарти. Ноҳақдан ҳақни, золимдан мазлумни, зўравондан ожизни ҳимоя қилишга хизмат қилади. Бу жараёнда жамоатчилик назоратини ишга солади. Чунки миллий ғоя аҳолининг бир тоифаси эмас, ҳамма яхши яшасин, ҳаётдан рози бўлсин, дейди. Мамлакатда адолат, қонунийлик бузилар экан, демократия ҳам, миллий ғоя ҳам қуруқ шиор бўлиб қолиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар миллий ғояни халқимизнинг куч-қудратига айланиши учун қулай шароит яратди. Энди гап миллий ғояни ҳар бир ўзбекистонликнинг ниятига ва ҳаракатига айлантиришда. Бу тарғибот, ташвиқот орқали амалга оширилади. Яхши фикр яхшиликка, ёмон фикр ёмонликка йўл очади. Ахборот майдонини нуқул негатив контент эгаллаб олмаслиги учун позитив, яхши, некбин мазмун, мавзулар билан мутаносиб тўлдиришга алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Негаки, биз катталар ҳам, болаларимиз ҳам ҳар куни яхши-ёмон фикрлардан таъсирланамиз. Бир-биримиз билан ижтимоий тармоқда тортишамиз, айтишамиз, уришамиз. Лекин буларнинг негатив фикрлардан бошланган ғоялар кураши эканлигини англамаймиз.

Миллий ғоя ёшлар тарбиясининг асосини ташкил этади. Чунки ота-оналарнинг миллий ғояни тушунмаслиги ёшлар тарбиясига ва бу орқали миллий бирлигимизга зарар етказаяпти. Бир мисол. 2019 йилнинг март ойи. Пойтахтимизнинг “Халқлар дўстлиги” майдони. Соат 19лар чамаси. 70 ёшларни қоралаган буви самокатда учаётган неварасини “тарбиялаяпти”: “Насимхон тез-тез учинг. Тўхтаманг, пулга, прокатга олганмиз. Ҳа, ҳа тезроқ. Самокатингиз Абдуллахонникидан баланд экан. Умидникидан ҳам зўр экан. Эртага айтинг уларга, бир ичлари куйсин”. Бу билан 6-7 ёшли пок Насимхонга кибр, ҳасад сингдирилмаяптими?.. Кибр, ҳасад эса миллатни парчалайдиган иллат...

Миллат ўз ватандош тадбиркорларини қўллаб-қувватлаши керак. Тўғри, юртимизда Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан тадбиркорларимиз фаол қўллаб-қувватланмоқда. Бироқ бу умумхалқ ҳаракатига айланиши керак. Ривожланган давлатлар тарихида бунга мисоллар кўп. Масалан, ХIХ аср охири, ХХ аср бошларида АҚШ дўконларида, “Агар сен америкалик бўлсанг, америка маҳсулотини сотиб ол!”, деган ёзувлар ёпиштириб қўйилган. Бугун рақобат майдонида инсон капиталлари, инновациялар тўқнашмоқда. Бу майдонда рақибга қарши кўкракни эмас, ақлни қўйиш керак. Ҳар бир ўзбекистонликнинг бир-бирида ватандошлик ҳаққи ва бурчи бор. Демак, миллий ғоянинг таъсири, рўёби иқтисодиётда, кундалик ҳаётда кўриниб туради. Ишлаб чиқарувчилар ва истеъмолчилар аҳил бўлса, бундан барча бирдек наф кўради.

Миллий ғоямизнинг бош ғояси “Миллий тикланишдан – миллий юксалишга”. Юксалиш – ҳаракатни талаб қилади. Демак, миллий ғоямиз ҳаракатлар мафкураси бўлади. Миллий ғоя одамларга ислоҳотлар ким учун, нима учунлигини, аҳамиятини тушунтиради. Ётганни – ўтқазади, ўтирганни – турғизади, турганни – юргизади, юрганни – югуришга ундайди. Чунки “нима учун?”лигини тушунмаган одамлар бирлашмайди, кўр-кўрона, юзаки ишлайди. Бири ишласа, иккиси томошабин бўлади. Тушунганлар бирлашиб, ихтиёрий, завқ билан ишлайди. Натижада ҳаётидан рози бўлади. Бунинг учун давлатимиз раҳбарининг “Бефарқ томошабин эмас, ижрочи-елкадош бўлишимиз керак. Ислоҳотларга дахлдорлик – шарт. Томошабин бўлсак, мақсадга етмаймиз”, деган сўзлари ҳар биримиз учун дастуриламал бўлиши керак. Миллий ғоя одамларга бахт олиб келиб бермаслиги мумкин. Лекин у одамларни бахтга бошлаб боради, бахтли бўлишга ўргатади. Ғояланган халқ қудратли бўлади.

Мамлакатимиз Президенти “Маънавият – энг таъсирчан қуролимиздир”, деган қатъий фикрни айтди. Бу бежиз эмас. Чунки “биз нима учун ўзгаришимиз, бирлашишимиз, курашишимиз керак?”. Бу саволга якдил ғоявий жавоби йўқ жамият – қуроли йўқ қўшинга ўхшаб қолади. Маънавият ва маърифат, мафкуравий тарбия Ўзбекистоннинг турли миллат, дин, касб, ёшларга мансуб халқини ғоявий қуроллантиради. Ислоҳотлар нима учун, ким учун кераклигини халққа унинг орзулари билан боғлаб уқтиради, кўрсатади. Тушунган халқ – ғоя билан қуролланган халққа айланади. Ҳар биримиздан Ватаннинг бир ўғил-қизи сифатида, ўзимизга муносиб бўлиб ишлаш ва яшаш бурчини эслатади. Ўз миллий ғоясини англаган халқни эса тўхтатиб бўлмайди.

Муҳаммаджон ҚУРОНОВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши аъзоси,
педагогика фанлари доктори,
профессор

Манба: "Миллий тикланиш" газетаси