Сўнгги йилларда кинотеатрлар ва телевизор экранларида корейс драмалари ўзининг беқиёс ўрни ва таъсири билан ажралиб турмоқда. Айниқса, ўсмирлар ва ёшлар орасида бу жанр алоҳида оммавийлашиб, нафақат кўнгилочар восита, балки янги маданият ва ҳаёт тарзи намунасига айланган.
Ушбу оммавийлашув кўплаб омилларга боғлиқ бўлиб, улардан энг муҳими корейс поп (K-поп), реп санъати, замонавий кийиниш маданиятининг тарғиботи, шунингдек, драмаларда очиб берилаётган ёшлар ҳаёти, севги, оила, мактаб ҳамда университет давридаги воқеалар билан боғлиқ.
Корейс драмалари ўзига хос услуби, драматик сюжети ва эстетик жиҳатдан жозибадор кўриниши билан жаҳон аудиториясининг эътиборини қозонмоқда. K-поп юлдузлари ва машҳур актёрларнинг иштирокида яратилган сериаллар ёшлар орасида мода ва ҳаёт тарзи йўналишларини шакллантиради. Бу маданий тарғибот мусиқа, тил ва ҳатто кундалик мулоқот шаклларигача таъсир кўрсатмоқда. Бу жараён Жанубий Корея ўзининг глобал маданий бренди сифатида шаклланишига ёрдам бермоқда.

Корейс драмаларининг ўзига хослиги уларнинг сюжетида кўпинча ёшларга қизиқарли бўлган мавзулар – севги, дўстлик, оила муносабатлари, мактаб ва университетдаги ҳаёт ёритилиши билан боғлиқ. Бу эса драмаларни кўрган ёшларнинг ҳиссиётларига яқин вазиятни кўриш имкониятини беради. Қаҳрамонларнинг шахсияти ва уларнинг қийинчиликлари орқали ёшлар ўз ҳаётларига мос ўрнак топади.
Корейс драмаларининг жаҳон кино ва телевидение майдонидаги муваффақияти нафақат уларнинг санъаткорлик даражаси, балки замонавий ёшлар ҳаётининг мураккабликлари, ҳиссий кечинмалари ва қадриятларини чуқур ва жозибадор тарзда ёритиши билан ажралиб туради. Ушбу драмалар ёш томошабинларда ўзлигини топиш, ҳаётий қийинчиликларга бардош бериш, оилавий муносабатлар ва севги каби муҳим мавзуларни англашда муҳим роль ўйнайди. Бу эса уларни оддий кўнгилочар маҳсулотдан кўра кўпроқ маданий кўприк, ёшлар ҳаётидаги руҳий қўллаб-қувватловчи восита даражасига олиб чиқади.

Бироқ, бундай оммалашув билан келадиган баъзи камчиликларни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Бунда кино-сериал қаҳрамонларининг очиқ кийиниши ёки баъзи салбий образлардан идеаллик моделини яратиш ёшлар онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли, кино ва сериал яратувчиларининг жамиятнинг маънавий қадриятлари, ёшларнинг руҳий ҳолати ва маданий анъаналарини ҳисобга олган ҳолда ижод қилиши муҳимдир. Чунки кино нафақат тасвир, балки таъсир кучига эга коммуникация воситаси ҳисобланади.
Жанубий Кореянинг кино ва сериал саноати орқали шаклланаётган маданий имижи мамлакатнинг жаҳон майдонидаги ўрнини мустаҳкамлашда ҳам ўзига хос роль ўйнайди. Корейс драмаларининг юксак бадиий даражаси ва ёшлар билан мулоқотдаги муваффақияти бошқа давлатлар учун ҳам жаҳон маданияти ва кинематографиясида рақобатбардош маҳсулот яратишда яхши намуна бўла олади.
Ўзбек киноси учун ҳам бу жараёнлар чуқур ибрат ва илҳом манбаи бўлиши мумкин. Миллий маданиятимиз, урф-одатларимиз ва замонавий дунё талабларини уйғунлаштириб, теран маънога эга, ижтимоий аҳамиятли фильмлар яратиш орқали биз нафақат ички аудиторияни қониқтира оламиз, балки халқаро майдонда ҳам ўз ўрнимизни топишимиз мумкин. Бунда ёшларнинг орзу-умидларини, инсонийлик қадриятларини ёритувчи кино маҳсулотлари ёш авлодни ватанпарварлик ва маънавиятга йўналтирувчи энг самарали воситалардан бири бўлиб хизмат қилади.
Шунингдек, кино орқали ижтимоий муаммолар, ёшлар психологиясидаги ўзгаришлар, оила ва жамиятдаги ҳаёт ёритилиши ҳам ўзбек киносининг ривожланишига янги нафас олиб киради. Ҳар бир кино асари томошабин қалбида чуқур из қолдириб, ижобий фикр-мулоҳазалар шакллантиришга хизмат қилса, демак у ўз мақсадига эришган ҳисобланади.
Ууман олганда, хориж кино ва сериаллари ёшлар ва жамият ҳаётига таъсир кўрсатадиган кучли маданий ҳодиса сифатида кўриб чиқилиши лозим. Уларнинг муваффақиятидан ўрганиб, ўз кино санъатимизни янги босқичга олиб чиқиш, миллий қадриятларимизни сақлаган ҳолда глобал майдонда танилган кино маҳсулотларини яратиш бугунги кун ва келажак учун долзарб вазифа ҳисобланади. Кино нафақат кўнгилочар восита, балки жамиятни тарбияловчи, руҳлантирувчи ва маънавий уйғотувчи қудратли санъатдир. Шу боис, ўзбек киносининг ҳам янада ривожланиши ва халқаро майдонда муносиб ўрин олишига бўлган умид ва интилишларимиз катта.
Дилдора ДЎСМАТОВА, ЎзА