Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нима учун Бектемир туманида 103 машиналари кам?
18:07 / 2022-01-17

Шу кунларда қайси бир танишим ёки дугонамга қўнғироқ қилсам, бетоблиги, шамоллаш туфайли даволанаётганини айтади. Буни қарангки вирус балоси ўзимнинг оиламга ҳам кириб келди.

Дам олиш куни соппа-соғ юрган қизимни бирдан иссиғи 40 градусга кўтарилди. Иссиғини туширишга ҳарчанд уринмайин, уддасидан чиқолмадим. Охири 103 «Тез тиббий ёрдам»га қўнғироқ қилдим. Қўнғироғимга 59 абонент жавоб берди ва Бектемир туманидаги тиббий хизмат машинасига хабар юборганини айтди. Орадан ярим соат вақт ўтгач, яна қўнғироқ қилдим, хабаримиз қабул қилинганини тез орада машина бориб қолишини билдиришди. Бир соат ичида 7 марта қўнғироқ қилиб, охири 9- абонент билан бироз тортишиб ҳам олдик. 9- абонент «Опа, асабийлашманг, хабарингизни ҳали бригадага юбормадик, чунки туманга 4 машина ажратилган, улгуришмаяпти», дегач тепа сочим тикка бўлиб кетди. Ниҳоят, Тез тиббий ёрдамдан қўнғироқ қилиб Миробод туманидан ёрдамга машина олишганини айтишди. Уйга келган  шифокор йигит айни кунларда бир суткада 5 минг нафарга яқин мурожаат тушаётганини, тиббиёт машиналари  одамларнинг уйларига етиб боришга улгурмаётганини айтди.
Воқеанинг сабабини билиш мақсадида туман кўп тармоқли шифохона мутасаддиларига мурожаат қилдик.

– Хўш, аслида муаммонинг туб илдизи қаерда?

– Илгари бизда аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича муаммо бўлмаган, – дейди бош шифокор ўринбосари Манзура Умаралиева. — Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ҳамда Ўрта Чирчиқ туманидан 26 мингга яқин аҳоли Бектемир тумани ҳудудига ўтказилганлиги сабабли биз беморларга хизмат кўрсатишга улгурмаяпмиз. Вақтимиз, кучимиз, хизмат машиналаримиз, мутахассисларимиз етишмаяпти.   

Муаммонинг келиб чиқиш сабаби ҳақидаку билиб олдик, аммо "уни ҳал этиш бўйича қандай ишлар амалга оширилиши керак?" деган саволга ҳам имкон қадар жавоб изладик. 

 – Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 25 январдаги «Шошилинч  тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан шаҳарда яшовчи ҳар 13 минг аҳолига 1 дона автосанитар машина хизмат кўрсатиши белгиланган, – дейди Республика шошилинч илмий текшириш марказининг Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станциясининг Бектемир тумани 12-бўлим мудири Шерзод Рўзиев. 

—  Илгари туман аҳолиси сони 48 минг нафар бўлган ва 4 та машина хизмат кўрсатган. Тошкент вилоятидаги иккита тумандан аҳоли қўшилиши ҳисобига бугунги кунда 75.300 нафардан ошди. Ундан ташқари туман ҳудудидаги Қўйлиқ (деҳқон ҳамда улгуржи, қурилиш моллари, кийим-кечак) бозори ва Андижон, Наманган, Фарғона вилоятига одамларни ташиши учун автотураргоҳлардаги (водий питак) ҳайдовчиларга ҳам хизмат кўрсатишимизни ҳисобга оладиган бўлсак, Бектемирда бугунги кунда 100 мингга яқин аҳолига хизмат кўрсатишга тўғри келяпти. Аҳолининг кўпини доимий яшаш манзили йўқ. Шундай бўлса-да, бемор бизни чақирдими, тезлик билан бориб, ёрдам кўрсатишга мажбурмиз. 

Туманимиз ҳудудида шифохона йўқлиги сабабли касалларни бошқа туманга олиб боришга тўғри келади. Бу ҳам камида 2-3 соат вақт олади, бизга ишлашда ноқулайлик туғдиради.

Ҳозир одамлар орасида вирус касалликлари кучайган пайт. Чақирувлар ҳаддан зиёд кўп. Ҳар куни одамлардан гап эшитиш бизнинг соғлиғимизга ҳам таъсир қиляпти. Бу муаммо тезлик билан ечилиши керак. Бектемир тумани ҳокимлиги шаҳар статистика марказига тезлик билан аҳолининг рўйхатини бериши зарур. Статистика қўмитасининг маълумотларига қараб, аҳолига тиббий ёрдам машиналари ажратилади.

Ҳозир аҳоли сони ўсганини инобатга олиб камида бизга 6-7 та машина берилиши шарт.

Масъулларнинг куйинишида жон бор албатта. Муаммонинг асл сабаби нимада эканидан бехабар одамлар кечикиб келаётган тез тиббий ёрдам машиналаридан норози. Халқимизда бир мақол бор. "Туяга янтоқ керак бўлса, бўйнини чўзади". На илож, бектемирлик масъуллар аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш учун туяга айланишга мажбур. Биз эса тез фурсатларда ушбу муаммога ечим топилишига умид қиламиз.

 

Нигора Раҳмонова, ЎзА