Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нима учун айнан Cиан?
18:31 / 2023-05-27

18-19 май кунлари Хитой Халқ Республикасининг Сиань шаҳрида Марказий Осиё ва Хитой давлат раҳбарларининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Икки кунлик анжуман давомида икки ва кўп томонлама ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ўзаро савдо ва маданий алоқаларни ривожлантириш мақсадида қатор келишувлар имзоланди. Якунда “Марказий Осиё – Хитой” саммитини бундан буён ҳар икки йилда ўтказишга қарор қилинди. Навбатдаги учрашув 2025 йил Қозоғистонда ўтади.

Айни воқеалар асносида мазкур нуфузли тадбир учун нима сабабдан айнан Сиань шаҳри танлангани юзасидан турли баҳс, мунозаралар кўтарилди. Яъни, айрим манбаларда “Бир вақтлар Тан империяси ҳозирги Марказий Осиё ерларини босиб олгани, ўша даврда пойтахт айнан Сиань бўлгани, мазкур саммит ушбу шаҳарда ўтказилиши ортида минтақамиз тарихан Хитойга тегишлилиги ғояси илгари сурилган” дея талқин қилинмоқда. Айниқса, бундай фикрлар айрим ватандошларимиз томонидан ҳам билдирилиб, билими, тафаккури етарли бўлмаган бошқа миллатдошларимиз уларга эргашаётгани ачинарли.

Бу жуда нотўғри тарихий-сиёсий талқиннинг илмий исботини тарих фанлари доктори, профессор А.Хўжаев хитой тилидаги манбаларни таржима қилиб, илмий муомалага киритган бир қатор асарларда кўриш мумкин.

Хитойшунос олим сифатида мен ҳам юқоридаги тахмин ноўрин, деб ҳисоблайман. Йиғилиш айнан Сианда ўтказилишининг бир неча сабаби ва асосини қуйидаги маълумотлар ёрдамида англаш мумкин.

Кўпинча йирик халқаро тузилмалар доирасидаги тадбирлар муайян давлатнинг бой тарихи сақланиб қолган заминда ёки ўтмишда ўша ўлка пойтахти бўлган ҳудудда ўтказилади. Шу нуқтаи назардан қадимий Сиань ўн уч сулола давридаги Чин пойтахти сифатида машҳур. Милоддан аввалги IIасрда “Буюк ипак йўли”га асос солинган. Ипак йўли савдогарлари сафари айнан шу шаҳардан бошланган. Яъни, қуруқликдаги савдо карвони йўли Хитойнинг Сиань шаҳридан бошланиб, ўша даврдаги машҳур Қадимги Рим империяси ҳудудигача чўзилган. “Ғарбда Рим бўлгани каби, Шарқда Сиань бор” деган ибора бежиз пайдо бўлмаган.

Хитой ташаббуси билан амалга оширилаётган, эндиликда “Замонавий Ипак йўли” сифатида дунёнинг 60 дан зиёд давлатини қамраб олган “Бир макон, бир йўл” лойиҳасига ўзаро маданий ва савдо алоқаларининг қайта шаклланиши сифатида алоҳида урғу берилмоқда.

Тарихга назар солинса, Сиань шаҳрининг гуллаб-яшнаши айнан Тан ҳукмронлигига тўғри келади. Хитой халқининг асосий дини Буддавийлик бўлса-да, мазкур сулола бошқаруви даврида ҳудудга бошқа динлар қатори Ислом ҳам кириб келиши кузатилган. Мусулмонлар Сианда кўпчилик (60 мингга яқин)ни ташкил этади. Шаҳарда жами етти масжид бўлиб, энг йириги Хитойдаги араблар томонидан қурилган илк масжид – Сиань Буюк масжиди ҳисобланади.

Ҳозирги кунда Сиандан минтақамиз томон 17 поезд йўналиши мунтазам ҳаракатланади. Марказий Осиё ва Европани ушбу шаҳар билан боғлайдиган «Чанъан» халқаро юк ташув поезди Ўзбекистон маҳсулотларини «Шанси» эркин савдо зонасига тез ва қулай етказиб бериши мумкин. Мазкур йўналишда тез-тез 50 фоиз чегирма жорий қилиб турилади. Умуман, Хитой ва Марказий Осиёнинг 70 га яқин шаҳри ва вилояти нафақат савдо-иқтисодий, балки биродарлик алоқаларини ҳам ўрнатган.

Шу ўринда иқтисодий, сиёсий жиҳатдан шаҳарнинг халқаро нуфузи қандай, деган савол туғилиши мумкин. Сиань Глобаллашув ва Жаҳон шаҳарлари тадқиқот тармоғи томонидан 2020 йил “Бета”, яъни “глобал иккинчи даражали шаҳар” дея эътироф этилди. Шунингдек, Глобал молия марказлари индексида дунёнинг энг яхши 100 молия маркази рўйхатига киритилди.

Завқибек Маҳмудов,

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси

Тарих институти кичик илмий ходими, хитойшунос