Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Николай Шумаков: Ўзбекистон меъморчилиги доим бизни ҳайратга солади
17:34 / 2023-10-13

Пойтахтимизда Тошкент архитектура фестивали бўлиб ўтмоқда.

Фестиваль қурилиш соҳасини ривожлантириш бўйича инновацион тадқиқотлар, архитектура, дизайн, шаҳарсозлик йўналишларини такомиллаштириш, бино ва иншоотларни лойиҳалашда замонавий қурилиш материаллари ҳамда конструкцияларни татбиқ қилиш борасида атрофлича фикр, тажриба алмашиш майдонига айланди.

– Шуни алоҳида қайд этиш жоиз, Ўзбекистон меъморчилиги доим бизни ҳайратга солади, – дейди Халқаро архитекторлар уюшмалари ассоциацияси президенти Николай Шумаков. – Маҳобатли саройлар, миноралар, масжидлар ва мадрасалар — тарихи асрларга бориб тақаладиган ажойиб бинолар. Ўзбекистонга юзлаб лойиҳалар билан келдик. Ўйлайманки, ҳамкорлик лойиҳаларини амалиётга татбиқ этишда бир-биримиздан ўрганадиган жиҳатларимиз кўп. Архитектура фестивали қурилиш ва шаҳарсозлик соҳаси вакилларини бир ерга жамлаш, ўзаро фикр ва тажриба алмашиш ҳамда илғор технологияларни амалиётга кенг жорий этишнинг муҳим платформаси бўлди.

– Фестивалнинг энг асосий мақсади архитектура ва дизайнерларнинг жамоатчилик олдидаги масъулиятини оширишдир, – дейди Озарбайжон архитекторлар уюшмаси раиси Эрбай Касимзаде. – Тошкент архитектура фестивали меъморчилик ва шаҳарсозлик соҳасини дунё миқёсида ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди. Хусусан, шаҳарсозликни ривожлантиришга қизиқувчиларни бирлаштириш, мазкур саноатда кадрлар салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар ўз натижасини беришига ишонамиз.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш йиғилиши доирасида энг яхши бинолар, лойиҳалар, архитектура, шаҳарсозлик йўналишидаги илмий ишлар ва талабаларнинг энг яхши ишлари учун анъанавий танлов ўтказилди. Унда 15 дан ортиқ давлат вакиллари қатнашди.

– Республикамиз миқёсида дунё ҳамжамиятининг эътибори, эътирофига сазовор бўлган архитектура намуналари етарлича ва мазкур фестиваль яна бир бор маҳаллий меъморлар, шаҳарсозлик соҳасининг вакилларига ўзаро тажриба алмашиш, янги бунёдкор ғояларга эга бўлиш, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишда муносиб майдон бўла олди, – дейди Ўзбекистон Меъморлар уюшмаси раиси ўринбосари, архитектор Асомиддин Тожиев. – Иқтидорли ёш архитекторларнинг 140 дан зиёд ишланмалари хорижлик ҳайъат аъзоларининг катта қизиқишига сабаб бўлди.

Тошкент архитектура фестивали доирасида мамлакатимизда бўлиб турган хорижлик архитекторлар ҳамда урбанистлар пойтахтимизнинг диққатга сазовор масканларида бўлиб, ноёб архитектура намуналари билан танишди.

Хусусан, XVI —ХХ асрларга оид меъморий ёдгорлик — Ҳазрати Имом мажмуаси, унинг қадимий анъаналари асосида яратилган бетакрор кўриниши меҳмонларда ёрқин таассурот уйғотди. Моҳир уста-ҳунармандлар томонидан бунёд этилган ансамблнинг ўзига хос меъморий ечими Ўзбекистоннинг миллий колоритини жозибали тарзда ифода эта олгани таъкидланди.

Фестиваль 15 октябргача давом этади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА мухбири