Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Истеъдоли шоир, ёзувчи, таржимон, “Дўстлик” ордени соҳиби Николай Ильиннинг “Ҳаёт гўзал ғоят” номли китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан адибнинг шеърлари, ҳикоялари, ҳаётий латифалари ҳамда адабий-танқидий мақолалари жой олган.
Николай Ильин ижодида шарқона руҳ устувор. Унинг шеър ва ҳикояларида ўзбекона ҳаёт, юртимиз манзаралари, унинг тобора ўзгариб бораётган бугунги кунлари ғоят гўзал, самимий тасвирланади.
Китоб билан танишиб бораркансиз, шоир-адиб қалбида ўзбек халқига, Ўзбекистонга бўлган катта меҳ-муҳаббат борлигини ҳис қилиб турасиз.
У Тошкент боғ ва хиёбонлари, Самарқанд обидалари ҳақида меҳр билан ёзади. Ўзбек халқининг миллий урф-одатлари, ўзига хослиги, халқимиздаги бағрикенглик, дўстга бўлган садоқат, оқибатни улуғлайди.
Минорлари гул новдасидек,
Гумбазлари ғунчадек диёр.
Туркий сўз рангларин шоирлар
Кашф айлагай бу юртда бисёр.
Кўз қамашар чарағон нурдан,
Кўкка кашта солар юлдузлар.
Эриб кетар иссиқ меҳрдан,
Юракка нақш этилган сўзлар.
Кенгликларда терлаб пиёда,
Уфққа ёнбошларкан олиб тин...
Сахий офтоб сочар зиёда
Дарахтларнинг бошидан олтин.
Бунда меҳр, бунда муҳаббат,
Бу диёрда бахтга элтар йўл.
Бунда ҳаёт гўзал бағоят,
Умр кўрдим жуда узоқ, мўл...
– Ўтган асрнинг 70-йилларини, университетдаги ҳарбий йиғинларни эслайман. Шунда бўлажак ўзбек ва рус филологлари бирга тўпланардик, дея хотирлайди шоир. – Фаол мулоқотда бўлардик. Биз уларга Александр Файнберг шеърларини ўқирдик, улар эса Абдулла Орипов шеърларини ўқишарди, шундан бери “Ўзбекистон, ватаним маним” шеърий нақорати ҳаётимнинг ҳам нақорати бўлиб қолди. Ўшанда мен бу шоир маданиятимиз учун қанчалик қадрли, ушбу ҳамоҳанг сўзлар ортидаги мазмун менга қалбан муҳим бўлиб қолишини, бу сатрлар дилимда кўп нарсаларни ифода этишини ботинан ҳис қилгандим. Ўша пайтда мен вақти келиб Абдулла Орипов шеърларининг таржимонларидан бири бўлиб қолишимни, унинг адабиёт борасидаги фикрларини, менинг таржималаримга доир мулоҳазаларини тинглашимни тасаввур ҳам қилолмагандим, деб ёзади миннатдорлик билан Николай Ильин.
Қалби, руҳи ўзбек, ёзганлари юракка яқин – ҳамоҳанг бўлган Николай Ильиннинг “Ҳаёт гўзал бағоят” китобини, албатта, ўқинг...
А.Нарзуллоев, ЎзА