Ҳозирги кунда никоҳ институти ва оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш долзарб илмий ва амалий аҳамият касб этмоқда. Ажримлар сонининг ўсиши, алимент мажбуриятларининг бажарилмаслиги, оилавий низоларнинг кўпайиши каби ҳолатлар нафақат шахсий ҳаёт соҳасига, балки бутун жамиятнинг иқтисодий ва маънавий барқарорлигига таъсир этмоқда.
Никоҳ шартномаси фуқаролик ҳуқуқидаги шартнома эркинлиги принципини оилавий муносабатларга татбиқ этувчи восита сифатида муҳим назарий ва амалий аҳамиятга эга. У турмуш ўртоқлар ўртасидаги мулкий муносабатларни олдиндан белгилаш орқали ажрим ҳолатларида иқтисодий низоларнинг олдини олиш, фарзандларнинг моддий таъминотини кафолатлаш ва оила барқарорлигини таъминлаш имконини яратади.
Никоҳ шартномаси нафақат замонавий ҳуқуқий институт, балки кўп асрлик тарихий амалиётга эга ҳуқуқий анъанадир. У нафақат хорижий мамлакатларда, балки миллий ҳуқуқ тизимларида ҳам кўп асрлар давомида қўлланилиб келган. Ҳали қадимги Рим давридаёқ бўлажак турмуш ўртоқлар ўртасида мулкка оид келишувлар тузилгани маълум. Шунингдек, XVI–XIX асрларда Шарқ ва Ғарбий Европа мамлакатларида ҳам никоҳ олдидан тузиладиган бундай битимлар турли ижтимоий қатламлар орасида кенг тарқалган бўлиб, улар оилавий муносабатларнинг ҳуқуқий кафолати сифатида хизмат қилган.
Никоҳ шартномаси Ўзбекистон Республикаси оилавий қонунчилиги учун янги институт ҳисобланади, чунки у Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси кучга кирган сана 1998 йил 1 сентябрда мамлакатимиз ҳуқуқий амалиётга жорий этилди.
Оиладаги муносабатлар мулкий хусусиятга ҳам эга ва жамиятнинг умумий иқтисодий манфаатларига бевосита таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, оила аъзолари ўртасидаги шахсий номулкий муносабатлар ҳам мулкий муносабатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, уларга жиддий таъсир кўрсатади.
Никоҳ шартномасини тарғиб этиш масаласи нафақат фуқаролик ҳуқуқи соҳасидаги шартнома эркинлигининг амалий ифодаси, балки оилавий муносабатларда ижтимоий барқарорликни таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий механизми сифатида ҳам намоён бўлмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг яқинда ўтказилган йиғилишдаги нутқида айнан шу жиҳатга эътибор қаратилди: ажримлар сонининг ортиши, алимент мажбуриятларини бажармаётган шахслар кўпайиши, ёшлар ўртасидаги эрта ва онгсиз никоҳларнинг салбий оқибатлари нафақат оила, балки жамият барқарорлиги учун ҳам таҳдид эканлиги таъкидланди . Бу ҳолат ҳуқуқий жиҳатдан оила институтининг давлат муҳофазаси остида эканлигини ва бу муҳофаза фақат декларатив эмас, амалий мазмунда бўлиши кераклигини кўрсатади.
Никоҳ шартномаси институтининг жорий этилиши фуқаролик ҳуқуқи ва оила ҳуқуқи нормаларининг уйғунлигини таъминлайди. Ушбу шартнома орқали турмуш ўртоқлар ўртасидаги мол-мулкий муносабатлар, моддий таъминот ва қарз мажбуриятлари олдиндан белгилаб қўйилади, бу эса ажрим ҳолатида тарафлар ҳамда фарзандлар оғир моддий аҳволга тушиб қолишининг олдини олади. Никоҳ шартномаси фақат хусусий ҳуқуқий келишув эмас, балки ижтимоий профилактика воситаси сифатида ҳам аҳамиятга эга бўлиб, у давлатнинг Конституциявий вазифаси – оила ва болаларни муҳофаза қилиш функциясини амалий тарзда таъминлайди.
Никоҳ шартномасини оммалаштириш ва унинг афзалликларини ҳуқуқий-ахборот воситалари орқали кенг тарғиб қилиш оилавий муносабатларнинг мустаҳкамланишига, ажримлар сонининг қисқаришига ва болалар манфаатларининг ҳуқуқий кафолатлар билан таъминланишига хизмат қилади. Бу жараён фуқаролик жамиятида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, масъулиятли никоҳ муносабатларини шакллантириш ҳамда давлатнинг ижтимоий сиёсатини амалий мазмунда ифода этишнинг муҳим йўналишидир.
“Оила жамиятнинг асосий бўғинидир” деган қоида – бу нафақат ижтимоий, балки ҳуқуқий категория ҳамдир. Ушбу ифода оиланинг жамият ҳаётида тутган ўрнини белгилайди ва уни миллий ҳуқуқ тизимида мустақил ҳуқуқий институт сифатида эътироф этади. Бу қоида Конституциянинг 76-моддасида ўз ифодасини топган бўлиб, оиланинг барқарорлиги ва соғлом ривожланиши давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Президентимизнинг юқоридаги нутқидаги фикрлар мазкур конституциявий вазифанинг амалий ижроси сифатида қаралиши мумкин, яъни давлат фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, ёшларга масъулият ва ҳуқуқий маданиятни сингдириш орқали оила барқарорлигини таъминлашни мақсад қилади.
Шу боис, давлат оила муносабатларини муҳофаза қилиш, унинг маънавий ва моддий асосларини мустаҳкамлаш вазифасини ўз зиммасига олади. Никоҳ – оила муносабатларининг асосий ҳуқуқий шакли бўлиб, унинг мазмуни қонун билан қатъий белгиланган. Унинг амалга оширилиши қуйидаги учта асосий принципга таянади:
1. Анъанавий оилавий қадриятларга таяниш. Бу ҳол миллий маданият, ахлоқ ва урф-одатларнинг ҳуқуқ тизимидаги интеграциясини таъминлайди. Шу билан бирга, бу қадриятлар халқаро ҳуқуқ меъёрларига зид бўлмаслиги лозим (масалан, БМТнинг "Хотин-қизларга нисбатан камситилишнинг барча шаклларини бартараф этиш тўғрисида"ги Конвенцияси талаблари).
2. Ихтиёрий розилик. Никоҳ фақат эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи сифатида тузилади (Оила кодекси 2-модда). Бу принцип шахснинг шахсий ҳаётга дахлсизлиги ва эркин танлов ҳуқуқини таъминлайди.
3. Тенг ҳуқуқлилик. Никоҳда эр ва хотин ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларининг тенглиги кафолатланади. Бу принцип тенгликнинг барча соҳаларида, жумладан, мол-мулкий, шахсий ва тарбиявий муносабатларда ҳам татбиқ этилади.
Давлатнинг “оила ривожи учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа шарт-шароитлар яратиш” мажбурияти – унинг ижтимоий давлат сифатидаги белгисидир. Бу норма давлатнинг пассив кузатувчи эмас, балки фаол тартибга солувчи субъект сифатидаги ролини кўрсатади. Давлат:
ижтимоий ҳимоя тизимини шакллантиради (оилавий нафақалар, болалар нафақаси, уй-жой дастурлари ва ҳ.к.), оилавий зўравонликка қарши ҳуқуқий механизмларни жорий этади, никоҳ ва оила муносабатларини ҳуқуқий тартибга солувчи кодекс, қонун ва меъёрий ҳужжатлар тизимини янгилаб боради.
Ушбу қоидалар оила институтининг ҳуқуқий табиатини белгилаб, уни жамият ва давлат учун устувор ижтимоий қадрият сифатида эътироф этади. Бу нормаларда давлатнинг оила барқарорлигини таъминлашга қаратилган конституциявий, ҳуқуқий ва иқтисодий мажбуриятлари мустаҳкамланган бўлиб, улар миллий ҳуқуқ тизимининг инсонпарварлик ва ижтимоий адолат принципларига асосланганлигини кўрсатади.
С.П.Гришаевнинг фикрича, “шартнома тузилгунга қадар унинг субъектлари ўртасида шаклланган муносабатлар хусусияти, адабиётларда шахсий-ишончли муносабатлар сифатида таърифланади, чунки гап оилавий-ҳуқуқий соҳада вужудга келган муносабатлар ҳақида кетмоқда, бу ҳам унинг ўзига хос жиҳатидир” . Фикримизча, келажакдаги турмуш ўртоқлар ўртасида шахсий-ишончли муносабатлар мавжудлиги табиий ҳисобланади. Никоҳ шартномаси шахсий хусусиятга эга, чунки бу икки турмуш ўртоқнинг шахсий ишидир. Бироқ у шахсий номулкий жиҳатларни қамраб олмайди, чунки у асосан мулкий масалалар ҳамда турмуш ўртоқларнинг моддий таъминотига оид муносабатларни тартибга солади. Бундан ташқари, никоҳ шартномаси тарафлари ўртасидаги ишонч муносабати нисбий-ҳуқуқий тусга эга бўлиб, шартнома тузилганининг ўзи ҳам бунинг ёрқин исботидир.
И.Г.Медведевнинг таъкидлашича, айрим давлатларда турмуш ўртоқларнинг мол-мулк режими шартнома орқали белгилаб қўйилмаган (Аргентина, Боливия, Куба, Руминия ва бошқалар). Бошқа мамлакатларда эса, никоҳ шартномаси никоҳни рўйхатдан ўтказишдан олдин тузилиши шарт (Бразилия, Колумбия, Япония, Португалия, Венесуэла ва бошқалар).
Л.Б.Максимович фикрича, “ажримлар сони бўйича Россия дунёдаги энг юқори ўринларнинг бирини эгаллаётганини ҳисобга олсак, шундай хулосага келиш мумкинки, россиялик турмуш ўртоқлар ҳали ҳам никоҳ шартномасининг амалий аҳамияти ва самарадорлигига – унинг фақат никоҳ давридагина эмас, балки ажрим ҳолатида ҳам мол-мулкий муносабатларни тартибга солувчи восита сифатида – ишонч ҳосил қилиши керак”. Никоҳ шартномасини тузиш муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Масалан, қонун билан белгиланган мулк режимига ўзгартириш киритиш ҳуқуқини суиистеъмол қилиш, кейинчалик шартномани ҳақиқий эмас деб топишга уриниш кабилар юз бериши мумкин.
Сўнгги йилларда ажрашган оилалар сони нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунё бўйлаб ортиб бормоқда. Хусусан, 2023 йилда мамлакатимизда ажримлар сони 49 108 тага етган бўлиб, сўнгги беш йил ичида бу кўрсаткич ўсиш тенденциясини намоён қилган.
МДҲ Давлатлараро статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида никоҳлар сони бўйича биринчи ўринни, ажримлар сони бўйича эса энг сўнгги ўринни эгаллайди. 2022 йилда Ўзбекистонда ҳар 1000 нафaр аҳолига 8,4 та никоҳ ва 1,4 та ажрим тўғри келган . Мутаҳассислар фикрига кўра, ажримларнинг асосий сабаблари қуйидагилар ҳисобланади: қариндошларнинг турмушга аралашуви – 60 %, маънавий чекловларнинг йўқлиги – 41 %, ва ажрим жараёнининг нисбатан осонлиги – 25 %.
Бизнинг фикримизча, никоҳ шартномаси ажримнинг олдини олишга хизмат қилиши мумкин. Шу билан бирга унинг мавжуд эмаслиги ҳам турмуш ўртоқларни қонун билан белгиланган мол-мулк режими доирасида ҳуқуқий ҳимоядан маҳрум этмайди.
Фикримизча, қонунчиликда никоҳ шартномаси фақат умумий мулк режимига эмас, балки ҳар бир турмуш ўртоқнинг алоҳида мулк режимига ҳам ўзгартиш киритиш ҳуқуқини бериши лозим. Амалдаги тартибда никоҳ шартномаси асосан умумий мулкка доир ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилашга қаратилган бўлиб, бу ҳолат унинг фуқаролик ҳуқуқий жиҳатларини чеклайди. Шу боис, қонунчиликда турмуш ўртоқларнинг алоҳида мулкига оид ҳуқуқий режими ҳам шартнома орқали ўзгартирилиши мумкинлиги аниқ кўрсатилиши мақсадга мувофиқ бўлади. Бу норманинг жорий этилиши никоҳ шартномасини ҳақиқий шартнома эркинлиги тамойилига яқинлаштиради.
Амалдаги қонунчиликда “мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар” атамасига аниқ таъриф берилмаган. Ҳатто уларнинг умумий белгиларини аниқлаш имконияти ҳам йўқлиги сабабли, никоҳ шартномасида назарда тутиладиган барча эҳтимолий шартларни тўлиқ рўйхатга олишнинг имкони йўқ. Шу муносабат билан, “мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар” тушунчаси қонун даражасида таърифланиши зарур.
Нотариал тартибда никоҳ шартномаси ишончнома асосида тасдиқланиши мумкин эмас. Бу ҳол никоҳ шартномасининг шахсий-ишончли табиатига зид келади. Шу боисдан, Оила кодекси 30-моддасига тўртинчи қисм киритилиши лозим деб ҳисоблаймиз: “Никоҳ шартномасини ишончнома орқали тузиш мумкин эмас”.
Бу ўзгартиш никоҳ шартномасининг ҳуқуқий табиатини – унинг шахсий ва ишончли хусусиятини мустаҳкамлаб, фуқароларнинг ҳақиқий иродасини таъминловчи кафолат сифатида хизмат қилади.
Топилдиев Бахромжон
Тошкент давлат юридик университети,
“Фуқаролик ҳуқуқи” кафедраси профессори, юридик фанлар доктори.