Жиззах вилояти Арнасой туманида ёшларни оила ва ҳаётга тайёрлаш бўйича ўқув маркази томонидан никоҳ арафасида турган жуфтликлар иштирокида мунтазам равишда ўқув-машғулотлари ўтказиб келинмоқда.
Никоҳ арафасида турган 7 нафар жуфтлик иштирокида ўтказилган бу галги ўқув-машғулотида “Оила – муқаддас”, “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Оила – жамият ва давлат ҳимоясида” ва “Фаровон оила – жамият равнақининг асоси” концептуал ғояларини никоҳланувчиларнинг онгига сингдириб бориш, уларни оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оилавий ҳаёт психологияси, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асослари, маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш масалалари бўйича тизимли тайёрлаш каби масалалар муҳокама этилди.
– Ушбу ўқув-машғулотларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, жамиятда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, никоҳланувчи шахсларда оилавий қадриятларни ҳурмат қилиш, оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни яратиш ҳамда ибратли ота-она бўлиш кўникмаларини шакллантиришдан иборатдир, – дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими раҳбарининг биринчи ўринбосари Феруза Абдуллаева
– Туманимизда ёшларни оила ва ҳаётга тайёрлаш бўйича ўқув марказ томонидан фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органларига никоҳни қайд этиш учун ариза берган ва ўқув машғулотларида қатнашиш учун розилиги олинган ўттиз ёшдан ошмаган никоҳланувчи ёшлар, ўқув юкламаси ҳажми 16 соатдан кам бўлмаган дастур асосида бепул ўқитилмоқда.
Мазкур ўқув-машғулотларида сабоқ олган никоҳ арафасида турган ёшларга оила қуришга тайёрликлари тўғрисида сертификатлар ҳам тақдим этилиши кўзда тутилган.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА