Ҳа, АҚШда жуда кўпчилик устунлигини эътироф этаётган Демократик партия номзоди Жо Байден, ниҳоят, мамлакат президентлиги учун кечган сайловда ғолиб чиққани тўғрисида баёнот берди.
Бунгача эса АҚШнинг амалдаги етакчиси, Республикачилар партияси номзоди Дональд Трамп ўз лавозимини сақлаб қолгани, аниқроғи бу галги сайловларда ҳам ғолиб чиққанини муддатидан олдин бир неча бор жар солиб айтганди. Ҳатто, бир гал у ижтимоий тармоқ орқали "Мен сайловда катта фарқ билан ютдим!" деб ҳам ёзди.
Воқеалар ривожи эса бунинг мутлақо аксини исботламоқда, яъни ҳамма Байденнинг яққол устунлигини эътироф этмоқда. "Америка халқи менга президентликни ишонганини ўзим учун юксак шараф, жеб ҳисоблайман", — деган сиёсатчи баёнотида.
У, шунингдек, бу йилги сайловларда тарихий рекорд даражада кўп сонли фуқаролар овоз берганини ҳам эслатиб ўтди.
"Кампания тугугандан кейин ғаразгўйликни, жавобсиз саволларни орқага ташлашимиз ва миллат сифатида бирлашишимиз зарур", — дея қўшимча қилган Байден.
Вице-президентликка номзод Камала Харрис, ўз навбатида бўлиб ўтган сайловлар — унга ёки Байденга эмас, балки Америка қалби ва шу қалб учун курашга дахлдор эканлигини таъкидлади.
"Олдимизда жуда кўп қилинадиган ишлар турибди. Келинг, ҳаракатни бошлаймиз", — ёзган Харрис ижтимоий тармоқдаги саҳифавсида.
Маълумки, бугун АҚШнинг жуда кўп ОАВ ўз ҳисоб-китобларига таяниб, демократ номзоднинг ғалабасини эълон қилишди.
Республикачилар томонидан илгари сурилган амалдаги президент Дональд Трамп эса ҳали ҳеч бир штатда Байденнинг ғалабаси тасдиқланмаганини билдирди.
Трампнинг "Ҳаммамиз биламиз, Жо Байден ўзини ясама ғолиб сифатида кўрсатишга шошиляпти. Унинг ОАВдаги иттифоқчилари шу йўл билан ўз тарафдорларига ёрдам бермоқчи бўлишяпти. Сабабаи, улар ҳақиқат юзага чиқишини хоҳлашмаяпти", — деган фикрлари келтирилган унинг штаби томонидан тарқатилган хабарда.
Трампнинг айтишича, Байден барча варақаларни, жумладан, фирибгарлик йўли билан берилган сохта овозларни ҳам қўшиб санамоқчи. "Президентни ОАВдаги янгилик ва хабарлар эмас, балки қонуний овозлар сайлайди", - деди у.
Трамп Байден штаби қонуний овозларни санашда одатий тамойилга асосланган услубни рад этаётганидан "лол қолгани"ни қайд этган.
"Фақат ниманидир ноқонуний қилаётган томонгина овоз санаш хонасига кузатувчиларни қўймаслиги, кейин эса судда уларга тақиқ жорий этиш мақсадида курашиши мумкин. Қизиқ, Байден нимани яширяпти экан-а?" – дея савол ташлаган Трамп.
"Мен тўхтамайман, қачонки, америка халқи ҳаққоний саналган овозларга эга бўлмагунча. Халқимиз бунга ҳақли, қолаверса, демократия ҳам шуни талаб қилади", — дея фикрини якунлаган Трамп.
У ўз позициясини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат этишини ҳам маълум қилган.
Агар тасдиқланадиган бўлса, Байден Қўшма Штатларнинг 46-президенти ва шу билан бирга мамлакат тарихидаги энг ёши улуғ раҳбар бўлади.
Ҳозирча АҚШ президенти сайловлари натижаси расман тасдиқланмаган бўлса-да, митти давлат - Фижи Бош вазири Фрэнк Мбаинимарама Демократик партия номзоди Жо Байденни ғалаба билан табриклашга шошилди.
"Жо Байденга менинг қутловларим. Биз биргаликда сайёрани иқлим билан боғлиқ фавқулодда ҳолатдан қутқарамиз, COVID-19 пандемиясидан кейинги глобал иқтисодни тиклаймиз", - деб ёзган Фижи раҳбари ижтимоий тармоқда.
Американинг “Newsweek” нашри Фижи ҳукумати бошлиғи, гарчи ҳозирча сайлов натижалари узил-кесил ҳал қилинмаган бўлса-да, Байденни табриклаган илк давлат раҳбари эканини қайд этган.