Халқимизнинг фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш муҳим ҳисобланади. Шу сабабли, кейинги пайтда соҳани такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Бу ишлар кўламини кенгайтиришда мазкур йўналишда ташкил этилаётган халқаро кўргазмалар ҳар жиҳатдан фойдалидир. Пойтахтимиздаги "Ўзэкспомарказ" марказий кўргазмалар мажмуида 16-18 апрель кунлари бўлиб ўтадиган» Соғлиқни сақлаш – TIHE 2024» 28-халқаро тиббиёт кўргазмаси бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан ҳамоҳангдир.
«Iteca Exhibitions» халқаро кўргазмалар компанияси бош директори Нигора Ҳасанова ушбу кўргазманинг ташкил этилиши ва унинг иштирокчилари ҳақида ЎзА мухбирига интервью берди:
– «Соғлиқни сақлаш – TIHE 2024» халқаро тиббиёт кўргазмаси 1995 йилдан буён ўтказилмоқда. Бундай имконият эса йилдан йилга маҳаллий ва хорижий иштирокчиларни фаол мулоқот ҳамда ҳамкорликка ундамоқда.
«TIHE 2024» кўргазмаси Бутунжаҳон кўргазма саноати уюшмаси (UFI) томонидан тасдиқланган тадбир мақомига эга бўлган Ўзбекистондаги ягона тиббий кўргазма ҳисобланади. У тиббиёт ҳамжамияти мутахассисларига «сўнгги авлод» тиббий технологиялари билан танишиш имкониятини яратаётган ноёб платформадир. Шундан бўлса керакки, маҳаллий ва хорижий компаниялар томонидан ушбу тадбирга қизиқиш ортиб бормоқда.
Албатта, иштирокчиларнинг сони ошиб бораётгани бизни қувонтиради. Чунки ташкилотчи сифатида «Iteca Exhibitions» халқаро кўргазмалар компаниясининг асосий мақсади ҳам юртимиз тиббиёт соҳаси равнақига ҳисса қўшишдир.
Бу йилги «TIHE 2024» халқаро кўргазмаси "Ўзэкспомарказ"нинг тўртта павильонида ташкил этилади. Биринчи павильонида Германия, Россия, Хитой, Корея Республикаси, Туркия миллий стендлари, 2-павильонда тиббиёт технологиялари, лабораторияларни жиҳозлаш учун ускуналари, 3-павильонда фармацевтика саноати учун ускуналар ва технологиялар, тайёр дори маҳсулотлари ва 4-павильонда эса стоматология амалиёти учун тиббий буюмлар, техника, ускуналар намойиш этилади.
Кўргазмада Ўзбекистон, Бангладеш, Беларусь Республикаси, Германия, Дания, Италия, Қозоғистон, Корея Республикаси, Россия каби 20 мамлакатдан 300 дан ортиқ компания ўз имкониятларини тақдим этади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, тиббий, фармацевтик, лаборатория, стоматология ускуналари, сарф материалларининг кенг ассортиментини намойиш этадиган кўплаб маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ушбу тадбирдаги иштироки янада эътиборлидир. Шунингдек, кўргазма доирасида соҳа мутахассислари учун семинарлар, маҳорат дарслари ва анжуманлар ўтказилиши режалаштирилган.
Айтиш жоизки, «TIHE 2024» халқаро кўргазмаси тиббиёт соҳаси вакиллари, ишлаб чиқарувчилари, олимлари учун катта майдон бўлиб, унда маҳаллий ва кўплаб давлатлардан шу йўналишда фаолият олиб бораётган мутахассислар ўзаро мулоқот қилади. Бу эса мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, рақамлаштириш ишларини жадаллаштириш, тиббий хизматлар ҳажмини ошириш ва сифатини тубдан яхшилаш, рақобат ва хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, тиббиёт ходимларининг билимини ошириш, таълим ва илм-фанни ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорликларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.