Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ниғматилла Йўлдошев Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси бўлди 
17:03 / 2025-01-14

Миллий олимпия қўмитасида Ўзбекистон спорт курашлари ассоциациясининг навбатдан ташқари ҳисобот-сайлов конференцияси бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон спорт вазири Адҳам Икромов, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти, шунингдек, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раёсати аъзолари, терма жамоа мураббийлар штаби иштирок этди. 

МОҚ матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси Ижроия қўмитаси ташкилот раислигига Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, мамлакат кураш федерацияси раҳбари Ниғматилла Йўлдошев номзодини илгари сурди. Адҳам Икромов ушбу номзод ҳақида фикр билдирар экан, Н.Йўлдошевнинг спорт бошқаруви соҳасида тўплаган улкан тажрибаси юртимизда спорт курашлари ривожини ҳам янги босқичга олиб чиқишда асқатишини таъкидлади. Йиғилиш иштирокчилари бир овоздан Ниғматилла Йўлдошев номзодини маъқуллади ва у мамлакатимиз спорт курашлари ассоциацияси раиси этиб сайланди. 

Шундан сўнг ассоциациянинг бош котиби Шуҳрат Мамадалиев “Лос-Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича режа билан таништирди. Унда ҳар бир вазн тоифасида асосий ва захира таркиб шакллантирилгани, ҳозирда мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида тўхталиб ўтди. 

Хусусан, аёллар курашида янада кўпроқ йўлланмалар олиш, юнон-рум курашчиларимизнинг ҳам Олимпиадалардаги натижадорлигини ошириш, эркин кураш йўналишида ички рақобатни кучайтириш шулар жумласидан. 

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА