Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”да ўтказилган аёллар кураши бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг сўнгги кунида барча вазн тоифалари бўйича ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
62 килограммгача вазн тоифасида Нигина Собирова финал баҳсида Нигина Ражабовага қарши гиламга чиқди ва рақибини таслим этган ҳолда мамлакат чемпионига айланди.
Вазни -50 кг. бўлган Нилуфар Нурмуҳаммадова эса олтин медаль учун ўтган беллашувда Муштарий Толипбековани мағлубиятга учратди. Ушбу вазнда Гулнура Русланова бронза медалини қўлга киритди.
Шунингдек, ўз вазнларида Соҳибжамол Эсбосинова, Ҳусниябод Султонозирова, Тўмарис Ҳамидуллаева, Уммекен Эсенбаева, Муҳайё Нарзуллаева, Муҳайё Раҳимжонова, Севинчой Полвонова ҳамда Ариухан Жумабаева миллий чемпионатимизда ғолиб бўлди.
Қайд этилган натижаларга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси 195 балл тўплаган ҳолда жамоалар орасида тенгсиз бўлди. Ушбу йўналишда Олимпия захиралари спорт мактаби 185 балл, Хоразм вилояти эса 45 балл жамғариб, кучли учликдан жой олди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА