Нигерияда бир неча ҳафтадан бери давом этаётган сув тошқини жами 170 дан ортиқ кишининг ўлимига сабаб бўлди. 200 мингдан кўп фуқаро табиий офат сабаб уй-жойини ташлаб кетишга мажбур бўлди. Бу ҳақда мамлакат фавқулодда вазиятлар миллий агентлиги вакили Манзо Эзекел маълум қилди.
Тўхтовсиз ёғаётган ёмғир, шунингдек Нигер ва Бенуе дарёларида сув сатҳи кўтарилиши ўлканинг бошқа ҳудудларига ҳам жиддий хавф солмоқда. Сув манбалари ифлосланиши туфайли вабо тарқалиши эҳтимоли кучайди.
Гидрология хизмати агентлиги Нигер дарёси тошиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
– Нигерияга қўшни Нигер Республикасида фавқулодда гуманитар вазият юзага келди, – деб ёзди “Мalijet” портали. – Мамлакатда кучли ёғингарчилик натижасида ҳалокатли тошқинлар кўп содир бўлди. Маҳаллий ҳокимият маълумотига кўра, Нигер дарёси тошиб, мамлакат пойтахтининг катта ҳудуди сув остида қолган. 150 киши ҳалок бўлган, ўн минглаб одам уй-жойидан айрилган.
Яқинда Нигер дарёсининг юқори оқимида жойлашган Мали ҳукумати ноодатий сув тошқини туфайли табиий офат ҳолатини эълон қилди. Бу давлатда 30 киши ҳаётдан кўз юмган, 104 киши жароҳатланиб, 47 минг киши бошпанасиз қолган.
Ў.Алимов, ЎзА