Лавозимидан четлатилган Нигер Президенти Муҳаммад Базум ҳақида 18 октябрдан буён ҳеч қандай хабар йўқ. “AFP” агентлиги унинг қариндошлари баёнотига таяниб, ушбу хабарни тарқатган.
– 18 октябрдан буён қўриқчилари томонидан гаровга олинган давлат раҳбари Базум, унинг хотини Хадича Мабрук ва ўғли Салим ҳақида ҳеч қандай маълумот олмадик, – дейилади агентликка келиб тушган мактубда. – Таъкидланишича, собиқ Президентнинг айрим қариндошлари ҳам ҳарбийлар томонидан ҳибсга олиниб, таъқиб қилинмоқда.
Базум июль ойидан буён ўз қароргоҳида сақланяпти.
26 июлда Президент гвардияси бир гуруҳ ҳарбийлари исён кўтариб, Нигер раҳбари ҳокимиятдан четлатилганини эълон қилган эди. Шундан сўнг мамлакатни бошқариш учун гвардия қўмондони Тчиани раҳбарлигида Ватанни қутқариш миллий кенгаши тузилди. Давлат тўнтариши амалга оширилгач, Ғарбий Африка мамлакатлари иқтисодий ҳамжамияти – “ECOWAS” Нигерга қарши санкция жорий қилиб, ушбу давлатга нисбатан ҳарбий интервенция масаласини ҳам кўтарди.