Нидерландиялик журналист: "Ўзбек ўғлонлари шаъни, ғурури ва одамийлигини сақлаб қолган..."
Бу йил Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланади.
Бу йил Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланади. Бу ғалабада ўзбек халқининг ҳам беқиёс ҳиссаси борлигини чуқур англаган ҳолда, урушда ҳалок бўлган ота-боболаримиз, фронт ортида заҳматли меҳнат қилган жафокаш юртдошларимиз хотираси доимо қалбимизда яшайди.
Иккинчи жаҳон урушида 1,5 миллиондан зиёд мард ва жасур Ўзбекистон фарзанди жанг қилган. Уларнинг кўпи қурбон бўлган. Ҳозиргача урушда ҳалок бўлган ўзбекистонлик жангчилар қабрини топиш, хотирасини абадийлаштириш ишлари давом этмоқда.
Уруш йиллари Нидерландия ҳудудида ҳам кўплаб аскарлар қурбон бўлди. Кейинчалик мингга яқин жасур жангчилар хотираси ҳурмати учун алоҳида рамзий қабристон қилинди. Улар орасида Марказий Осиёдан 101 аскар борлигини бугун барчамиз яхши биламиз. Яқин йилларга қадар бу аскарларнинг аксарияти ҳақида тайинли маълумот бўлмаган, уларнинг яқинларига эса “бедарак йўқолган” деб ёзилган бир парча қоғоз юборилган, холос.
Бугун янги Ўзбекистон оламга бўйламоқда. Чет давлатлар билан дўстона алоқалар янада мустаҳкамланаяпти. Шу ислоҳотлар самарасида Нидерландия тупроғида мангу қўним топган ўзбекистонлик йигитлар шахсини аниқлашга киришилди.
Бу жараёнда 20 йилдирки, бедарак кетган аскарлар тақдирини ўрганиб келаётган нидерландиялик журналист Ремко Рейдинг тадқиқотлари таҳсинга лойиқ.
ЎзА мухбири Р.Рейдинг билан интернет орқали гаплашиб, тадқиқотларининг натижалари билан ўртоқлашди.
Р.Рейдинг бир неча йил Россияда ишлаб, она шаҳри Амерсфортга қайтгач, бир ўртоғи унга шаҳар яқинида “Совет қабристони” борлигини айтади.
– Жуда ҳайратланганман, чунки бу ҳақида олдин ҳеч эшитмаган эдим, – деди Р.Рейдинг. – Қабристонга бордим ва бу ерда дафн этилган аскарлар ҳақида архив ҳужжатларини ўргана бошладим, гувоҳларни излашга тушдим.
Қабристонда жами 865 собиқ совет аскари кўмилганини, аммо уларнинг аксарияти Нидерландиянинг бошқа жойларида ёки Германияда ҳалок бўлиб, жасадлари кейинчалик келтирилганини аниқладим.
Маълум бўлишича, улар орасида фақат 101 аскарнинг тақдири бошқачароқ хотима топган. Қабр тошларига “Номаълум совет жангчиси” деб битилган 101 аскарнинг шахси ва исмлари аниқланмаган, аммо барчаси худди шу ерда, Амерсфортда ўлдирилган.
Тошкент билан Нидерландиянинг олис Леусден шаҳарчасини тахминан 4 минг 800 километр масофа туташтириб туради. Бу масофани бугун самолётда 6 соатда босиб ўтиш мумкин.
Аммо 1941 йилнинг 22 июнидан собиқ иттифоққа қарши фашистлар Германияси бошлаган аёвсиз урушнинг дастлабки палласидаёқ асирга олинган ва аксари ўзбекистонлик бўлган 101 навқирон йигит учун бу чақиримларнинг Европа қисми мисли кўрилмаган азоб-уқубатларга лиммо-лим бўлган эди.
Концлагерга олиб келингач, аскарлар очиқликда ўрнатилган қафасда 15 кун қип-яланғоч ҳолда қолдирилади. Фашистлар бу манзарани фильм сифатида суратга олишга ҳаракат қилишади. Улар ҳар ҳафта тасаввур қилиб бўлмас шароитда сақланаётган 101 асирни Амерсфорт шаҳридан аҳолига кўрсатиш мақсадида олиб ўтар экан.
Асирларни оч сақлайди. Очлик ва совуқдан ўлаёзган маҳбусларга нон улоқтириб, уларнинг бир-бирлари билан жиққа-мушт бўлишини тасвирга туширмоқчи бўлишади. Аммо қафасга нон бурдалари улоқтирилиши билан зўрға ҳаракатланаётган маҳбуслар нон бўлакларини ўзаро тенг тақсимлайди. Оқибат, бундан фойда камлигини кўргач, уларни алоҳида баракка жойлаштиради. Аскарларни “untermenschen”, яъни “чала одамлар” деб аташган.
91 ёшни қаршилаган Ҳенк Брукҳаузен ўта кам сонли гувоҳлардан бири. Асирлар келтирилганида у ўспирин эди.
– Кўзимни юмсам, хотирамда уларнинг чеҳралари гавдаланади, – дейди Ҳенк Брукҳаузен. – Жанда кийимларга ўралган, аскарларга ҳам ўхшашмасди. Фақат юзлари кўринарди. Нацистлар асирларни темир йўл вокзалида поезддан тушириб, марказий кўча бўйлаб концлагерга пиёда олиб ўтишганди. Улар жуссаси кичик ва озғин эди, оёқларида пойабзал ҳам йўқ, фақат эски пайтава ўралганди. Баъзилари ўта ҳолдан тойган, юра олмас, дўстлари суяб кетишарди. Айрим асирлар кўчага чиққан одамларга қўллари билан “овқат беринг” дегандек ишора қилишгани ҳамон кўз олдимда. Биз сув ва нон келтирдик. Аммо нацистлар ҳаммасини қўлимиздан юлқиб олиб, отиб юборишди. Ёрдам бергани қўйишмади. “Уларга кўмак кўрсатманг, улар душманларимиз” деб бақиришди.
Ўрта Осиёдан бўлган бу асирларга доир сақланиб қолган маълумотларга кўра, аксари ўзбек, қолганлари эса қозоқ ёхуд қирғиз бўлган. Асирлар қиш бўйи турли қийноқларга маҳкум эди. Чалажон асирларнинг учдан бир қисми қишдан омон чиқмаган. Уларнинг бир қанчаси тиббий тажриба қурбони бўлган. Қолган 77 нафарини ҳам ўлик ёки тирик эканини айтиш мушкул эди. Чунки улар баракдан ташқарига чиқмай қўйишган, айримларини ташқарида зўрға оёқ судраб юрганини аҳён-аҳёнда кўриш мумкин эди.
Тирик қолган аскарлар 1942 йилнинг 9 апрель эрта тонгида ўрмонда отиб ташланган. Бунга ҳам қаноат қилинмасдан, жасадларга ёниб турган оҳак қуйилиб, жиноят изларини бутунлай йўқотишга ҳаракат қилишган. Ҳозир бу аскарлар қатл этилган ўша жойда махсус ёдгорлик – Monument Koedriest ўрнатилган.
Узоқ йиллик уринишлардан сўнг 865 аскарнинг баъзи яқинларига урушда изсиз кетган яқинлари қабрини зиёрат қилиш насиб этди.
Амерсфорт шаҳри яқинида дафн этилган 101 номаълум аскар қабрини зиёрат қилган ўзбеклар бу ерда дафн этилганлар қабрига Ўзбекистон тупроғидан сепишди. Тошкент шаҳридаги Хотира боғига қўйиш учун ўзбеклар дафн этилган ушбу қабристон тупроғи ҳам олиб кетилди.
Ўзбекистоннинг Навоий вилояти вакиллари Леусден шаҳридаги фахрий майдонга ташриф буюрди. Ҳамюртларингиз номаълум кетган аскарлар қабрини зиёрат қилди. Уларнинг қабрига она юртидан олиб келинган тупроқ сочди ва ўзбекона удумларга хос тарзда мамлакатингиздан олиб келинган кўзаларни қабрлар ёнига қўйишди. Уруш қурбонлари унутилмайди. Ҳар йили улар шарафига хотира маросими ўтказилади.
Тадқиқотларимиз шуни кўрсатадики, қатл этилган аскарларнинг кўпчилигини ўзбекистонликлар ташкил этган. 865 аскарнинг 764 нафари бошқа жойларда ҳам дафн этилган. Ишончим комилки, улар орасида ҳам ўзбеклар бўлган. Афсуски, 101 аскар миллионлаб қурбонлар денгизидан бир томчи, холос.
Ҳатто қабр ёқасида ҳам умид яшайди. Кун келиб Aмерсфорт концлагерида ёки унинг атрофларида ҳалок бўлган 101 аскардан камида биттасини аниқлай олишимизга умид қилганмиз.
Изланишдан чарчамадик. Ва янги натижаларга эришдик. Бу 101 аскардан биттасини аниқлаш учун янги имконият эди. Ўзбеклар билан бирга асирликда бўлган нидерландиялик Геррит де Уилде 7 маҳбуснинг портретини чизган. У иккита маҳбуснинг исмини ҳам тахминан айтган. Aлбатта, биз бу аскарлар тақдири билан боғлиқ тадқиқотлар ўтказдик. Хотира китобларидан бирида худди шу номдаги аскарни учратдик. Бу аскар ўзбекистонлик бўлиб, ҳанузгача бедарак йўқолганлар сафида қайд этилган экан.
Геррит де Уилд портретида “Кадеру Хатам” номи бор, бу “Чатам Қодиров” деган исм-шарифга жуда яқин эди.
Ўзбекистонга ташрифимиз давомида Самарқанд вилоятида жойлашган, аммо харитадан кўринмайдиган Наврўзтепа қишлоғини излаб топдик. Бу ерда Иккинчи жаҳон уруши бошланишидан олдин Чатам Қодиров исмли йигит яшаган экан. Уруш бошланганида у 22-23 ёшда бўлган. Фронтга кетган Чатамнинг тақдири маҳалладошлари ва яқинлари учун номаълумлигича қолган. Чатамнинг исми тўқсонинчи йилларда ёдгорлик китобига киритилган. Наврўзтепада истиқомат қилувчи Aбдулла Расулов Чатам Қодиров ҳақидаги маълумотларни тиклашда яқиндан кўмак берди.
– 1941 йилда маҳаллада қирққа яқин хонадон истиқомат қилган, – деди А.Расулов. – Бир вақтнинг ўзида ўттиз киши фронтга жўнади, атиги ўн икки киши қайтди. Шунингдек, Чатамнинг катта акаси Рустам Қодировни ҳам 1941 йилда урушга олиб кетишган ва у ҳам бедарак йўқолган.
Биз Наврўзтепа тарихи билан ҳам яқиндан танишдик, афсус, Чатам Қодировлар оиласини топишнинг иложи бўлмади.
Тадқиқотимни бошлаганимга 20 йилдан ошди. Илк иш фаолиятимни 865 нафар номаълум аскар тақдирини ўрганишдан бошлаганман. Бугунга қадар 250 дан ортиқ аскарнинг ҳаёт йўлини архивлар ёрдамида ўрганиб чиқишга муваффақ бўлдик, турли миллатларга мансуб 210 нафар аскар шахси аниқланди.
101 аскар тақдири, афсуски, ҳали ҳам номаълумлигича қолмоқда. Менда фақат бир нечта расм ва баъзи маълумотлар бор. Чизмаларда атиги иккита ном бор: Зоир Муратов ва Ҳотам Қодиров.
Улар Смоленск яқинида асирга тушган, Амерсфортга 1941 йилнинг 27 сентябрида олиб келинган. 1942 йилда охирги қатл этилган 77 киши орасида бўлган.
"Амерсфорт” концлагерига келтирилиб, бу ерда ақл бовар қилмас қийноқларга қарамай ўз шаънини, ғурури ва одамийлигини сақлаб қолган 101 ўғлон тақдири нафақат Нидерландия ва Ўзбекистон, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларида ҳам маълуму машҳур бўлди.
Мен мамлакатингизнинг яқин дўсти ва фахрий меҳмонига айланиб улгурганман. Айтиш жоизки, юртингизга ташрифим чоғида “Ўзбеккино” миллий агентлиги мутасаддилари билан учрашишга муваффақ бўлдим ва 101 аскар хотирасига бағишланган ҳужжатли фильмнинг суратга олиш жараёни билан яқиндан танишдим.