Чехияда давом этаётган “Prague International Chess Festival 2026” турнири ўзининг юқори нуқтасига яқинлашгани сайин қарама-қаршиликдаги баҳслар ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан юқори босим ҳолатида кечмоқда.
Кеча поёнига етган 7-тур мусобақасидаги Нодирбек Абдусатторов ва "Masters" гуруҳида етакчилик қилаётган нидерландиялик Жорден ван Форест ўртасидаги ўйин ҳам айни кўринишдан ҳоли бўлмади.
Оқ доналарда ҳаракатланган ҳамюртимиз Абдусатторов илк юришларда рақибидан устунлигини намойиш этди. Бироқ маълум бир вазиятлардаги ноаниқ ҳаракатлар натижасида Нидерландия вакили Нодирбекнинг “қопқонидан” чиқиб кетиш билан бирга позициясини яхшилашга ҳам муваффақ бўлди. Бу, 44-юриш ҳолатида томонларнинг муроса йўлини танлашини кўрсатди.

Ушбу турда ҳиндистонлик Аравиндх Читхамбарамга қарши қора доналарда ўйин олиб борган Нодирбек Ёқуббоев рақибига муносиб қаршилик кўрсата олди ва 43-юриш вазиятида бошланган такрорий дона суриш натижасида ғалабага тенг дурангга эришди.
Бугун, 5 март куни ўтказиладиган 8-тур баҳсида Нодирбек Абдусатторов қора доналарда чехиялик Давид Навара қаршилигини енгишга ҳаракат қилади. Ёқуббоев бўлса оқ доналарда эронлик Пархам Магсудлу билан куч синашади.

Якунланишига битта тур қолган турнир жадвалида ҳозирда Жорден ван Форест 5 очко билан пешқадамилик қилмоқда. Абдусатторов ва Навара 4,5 очкога эга бўлиб турибди.
Эслатиб ўтамиз, халқаро турнирнинг сўнгги 9-турида Абдусатторов оқ доналарда АҚШ вакили Ханс Ниманнга, Ёқуббоев эса қора доналарда германиялик Винсент Кеймерга рўбарў келади.
Т.Рўзиев, ЎзА