French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нидерландияда ноодатий ҳукумат шаклланмоқда
13:27 / 2026-01-28

Нидерландияда етакчи сиёсий партиялар кам учрайдиган озчилик ҳукуматни тузиш бўйича келишувга эришди. Марказчи ва Европа Иттифоқи тарафдори бўлган D66 партияси консерватив Христиан-демократлар ҳамда ўнг қанот VVD билан коалиция тузади. Ушбу иттифоқ парламент қуйи палатасидаги 150 ўриндан атиги 66 тасини эгаллайди.

Айни ҳолат янги ҳукуматни ҳар бир қонун ва ташаббус бўйича мухолифат билан келишишга мажбур қилади. Бундан ташқари, коалиция юқори палата – Сенатда ҳам кўпчилик эмас. Бу эса қабул қилинган қонунлар тўхтаб қолиши хавфини оширади.

Шундай бўлса-да, томонлар сиёсий мувозанат ва барқарорликни айнан мулоқот орқали таъминлашдан умидвор.

Янги ҳукуматга 38 ёшли Роб Эттен бош вазирлик қилади. У Нидерландия тарихидаги энг ёш раҳбар ҳисобланади. Келишув яқин кунларда партия депутатлари томонидан тасдиқланиши, расмий ҳужжат эса жума куни эълон қилиниши кутиляпти.

Вазирлар маҳкамаси таркиби босқичма-босқич шакллантирилади, ҳукумат тахминан бир ой ичида иш бошлайди. Сиёсий кузатувчилар фикрича, муваффақият нафақат коалиция ичидаги келишувлар, балки мухолифат билан самарали ҳамкорликка ҳам боғлиқ бўлади.

Мусулмон Зиё, ЎзА