Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Н.Ҳусанов: жорий йилнинг 10 ойи давомида 381 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди
16:56 / 2021-12-28

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида халқ вакиллари Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусановнинг “Ёшлар бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, шунингдек ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги ахборотини эшитишмоқда.

Ахборотда келтирилганидек, соҳада олиб борилган ишлар натижасида жорий йилнинг 10 ойи давомида 381 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди, бандлик органлари томонидан 792 минг иш билан банд бўлмаган шахсларга бандлик хизматлари кўрсатилди.

Бунинг учун Бандликка кўмаклашиш ва жамоат ишлари жамғармаларидан 432 миллиард сўм маблағ ажратилди. Бандлик хизматлари кўрсатилган фуқароларнинг 324 минг нафарини ёшлар ташкил этиб, ушбу мақсадларда 185 миллиард сўм маблағ молиялаштириб берилди.

Тақдим этилган ахборотга кўра, ишлаб чиқариш кооперативларга 11,1 минг нафар ишсизлар бириктирилди, уларга кооперативларнинг устав фондига аъзолик улуши сифатида 23,4 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилди. Жорий йилнинг январь-октябрь ойлари давомида 103 минг нафар иш билан банд бўлмаган фуқаролар касб-ҳунарга, тадбиркорлик кўникмаларига ўқитишга жалб этилди.

Ишчи касблар бўйича кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ишсиз аҳоли жумладан, ёшлар ва хотин-қизларда замонавий касб ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, вазирлик тасарруфида 16 та “Ишга марҳамат” банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатувчи “Мономарказ”, 59 та туман ва шаҳар касб-ҳунарга ўқитиш маркази, 136 та маҳаллада касб-ҳунарга ўқитиш масканлари фаолияти йўлга қўйилди.

“Future Skills Uzbekistan” ва “Бир миллион дастурчи” лойиҳалари доирасида 5,2 минг нафар ёшлар IT-касбларига, “Ёшлар 1+1” ва “Тадбиркор аёл” лойиҳаси доирасида 6,4 минг нафар ёшлар тадбиркорлик кўникмалари ва хорижий тилларга ўқитилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз 92,0 минг нафар ёшларнинг бандлигига кўмаклашилди.

 

Н.Насриев, ЎзА