Япония билан Буюк Британия Кунчиқар мамлакати фойдаланаётган F-2 самолётларини қирувчи самолётларнинг янги авлодига алмаштириш учун ҳамкорлик қилиши мумкин, деб маълум қилди NHK телеканали.
Телеканал тарқатган маълумотга кўра, ушбу масалада Япониянинг Mitsubishi Heavy Industries компанияси Британиянинг BAE Systems компанияси билан музокарага киришиши мумкин. Бундан ташқари, лойиҳани Американинг Lockheed Martin компанияси техник қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.
Телеканалнинг таъкидлашича, янги авлод жанговар самолётларини яратиш бўйича ҳамкорлик мавзуси яқинда Япония бош вазири Фумио Кисида билан унинг британиялик ҳамкасби Борис Жонсон ўртасида бўлиб ўтган учрашувда кўтарилган.
Январь ойида Япония ва Буюк Британия реактив двигатель яратишга киришган эди. Британия томони режалаштириш, рақамли ва инновацион ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун дастлабки 30 миллион фунт стерлингни жалб этди. Британиянинг яна 200 миллион фунт стерлинг маблағи кенг кўламли энерготизимни яратишга сарфланади. Мазкур лойиҳага юзлаб юқори малакали ходимлар, жумладан, Бристолдаги Rolls-Royce заводи мутахассислари жалб этилади.
Режага кўра, жанговар самолётнинг илк тажриба нусхаси 2024 йилда тайёр бўлиши керак, илк синов парвозлари эса 2028 йилда амалга оширилади. Лойиҳанинг умумий ҳаражати 1,5 триллион иенага (11,61 миллиард доллар) баҳоланмоқда.