Хабар берганимиздек, Президент Шавкат Мирзиёев 8-9 апрель кунлари Жиззах вилоятида бўлди. Ташриф давомида давлатимиз раҳбари саноатнинг юқори технологик тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган лойиҳалар, маҳаллаларда аҳоли даромадини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди.
Шунингдек, янги корхоналар қурилишига старт берилди. Ташриф доирасида давлатимиз раҳбари хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорларнинг 6 миллиард 100 миллион долларлик лойиҳалари тақдимоти билан ҳам танишди. Улкан тарихий воқелик – Ғаллаорол туманида металлургияга ихтисослашган саноат зонаси ҳамда Фориш туманида 500 мегаватт қувватга эга қуёш электростанцияси қурилиши бўйича лойиҳаларга старт берилди.
Ташрифнинг иккинчи куни Зарбдор туманида ўтказилган йиғилишда барча ҳудудлардаги каби Жиззах вилоятида ҳам катта ўзгаришлар рўй бераётгани таъкидланди.
Сўнгги етти йилда вилоятга 5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиниб, 2500 та янги корхона ишга тушган. Уларда 45 мингта доимий иш ўрни яратилган. Тадбиркорлар сони эса икки карра кўпайган.
Қишлоқ хўжалигидан саноатга катта сакраш бўлди, дейиш мумкин. Вилоятда иқтисодиётни янги босқичга кўтариш, қишлоқ хўжалигида илғор технологияларни жорий этиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли даромадини ошириш учун фойдаланилмаётган мавжуд имкониятни тўлиқ ишга солиш бўйича устувор вазифалар белгиланди.
Абдунаби АБДУРАҲМОНОВ, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Шароф Рашидов тумани кенгаши раиси:
– Ҳурматли Президентимиз вилоятимизга ташрифи давомида Жиззахда улкан имконият борлиги, ундан ҳали тўлиқ фойдаланилмаётганини таъкидлаб, фаолиятимиз давомида тизимли ишлаш механизмини тушунтириб берди.
Шароф Рашидов туманида агрологистика борлиги, ҳатто унинг бозори ва экспорти тайёрлиги, шунингдек, маҳсулотни етиштириб, туманимизга валюта олиб кириш кераклиги алоҳида қайд этилди.

Бир сўз билан айтганда, ҳаловатимиздан кечиб, аҳоли томорқаларидан, ер хўжаликларидан унумли фойдаланишимиз ва давлатимиз раҳбарининг бугунги олиб бораётган сиёсатини хонадонма-хонадон кириб тушунтиришимиз зарур. Ўйлайманки, банк ходимлари, “маҳалла еттилиги” билан бирга ишласак, албатта, аҳоли иқтисодий жиҳатдан мустаҳкам, бозори тўқин ва арзончилик бўлади.
Маҳаллада биринчи бўлиб халқни рози қилиш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшларимизни касб-ҳунарга ўқитиш кераклиги алоҳида қайд этилди. Йиғилишда кўтарилган масалаларга ўз ҳиссамизни қўшиб, мамлакатимизни обод қилиш, маҳаллаларнинг тинчлиги, осойишталиги йўлида бор куч-ғайратимизни аямаймиз.
Дилбар Саидова, Шароф Рашидов туманидаги Бувижонлар мактаби раиси:
– Президентимизнинг Жиззах вилоятига қилган ташрифидан жуда тўлқинланиб ўтирибман. Ҳамма соҳа хусусида таҳлил ва таклиф бўлди. Хусусан, маҳаллада яратилган тизим, аҳоли фаровонлигини таъминлаш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш билан боғлиқ муҳим йўналишлар ўртага ташланди.
Ўзим маҳаллада 22 йил раис бўлганман, аммо ўшанда 3 тагина ходим билан ишлаганман. Бугун маҳаллада еттилик тизими ташкил қилинди, ушбу ислоҳот фуқаролар осойишталигига хизмат қиладиган бир тизимга айланди, десам янглишмайман. Ҳозир фақат ишлайдиган замон келди.
Президентимиз маърузаларида айтиб ўтилган ҳар бир топшириқ – банкларнинг маҳаллалар билан ишлаши, тадбиркорликни ривожлантириш, чет элдан инвестиция олиб кириш масаласи – буларнинг ҳаммаси халқимиз фаровонлиги учун. Шундай экан, биз – кексалар, нуронийлар ҳам ёшлар билан камарбаста бўлиб, давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган устувор вазифаларни бажаришга астойдил ҳаракат қиламиз.
Йиғилишда мутасаддиларга аниқ ва масъулиятли вазифалар берилди. Ўйлайманки, виждони бор раҳбар Президент топшириқларини, албатта, бажаради. Тошкентда ўқиганимизда шаҳарга ҳавас қилардик. Қишлоқ қизлари қийинчилик билан пойтахтга бориб ўқирди, олийгоҳлар бўлсмасди... Ҳозир ўзимизда 5 та олийгоҳ очилди. Невараларим Президент мактабида ўқияпти. Мана шу эмасми, катта бахт!
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА мухбири