Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нетаньяхунинг мақсади ХАМАСни йўқ қилиш (+видео)
11:50 / 2024-05-10

Исроил ўт очишни тўхтатиш келишувини рад этиб, Рафаҳда операция бошлагани халқаро етакчиларда ҳам хавотир уйғотмоқда. Исроил ҳужумдан сўнг ўз позициясини очиқчасига маълум қилди. Яъни келишув доирасидаги масалалар Исроил манфаатлари учун етарли эмас.

“Al-Jazeera” ушбу воқеалар юзасидан таҳлилчилар фикри билан қизиқиб муаммо нимада эканлигига атрофлича тўхталди.  

Экспертларга кўра, Исроил доимий сулҳни ҳеч қачон истамайди ва Ғазо бўйлаб ҳалокатли уруш давом этади. Халқаро инқироз гуруҳининг Исроил-Фаластин бўйича катта таҳлилчиси фикрича, Исроил Ғазодаги ҳужумларни давом эттириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолмоқчи. Ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришиш охир-оқибат сулҳга олиб келади, Тель-Авивга эса ҳозир бундай келишув керак эмас.  

Шунингдек, Яҳудий давлатининг асосий мақсадларидан бири ХАМАС гуруҳини батамом йўқ қилишдан иборат. Иккинчи томон ХАМАСни Ғазога қурол олиб кирганликда айблаб келади.  

Таҳлилчилар айтишича, исроиллик асирлар озод қилинганидан кейин ҳам оташкесимга рози бўлмайди. Чунки улар Ғазони йўқ қилишни кўзлаган.  

Март ойида Исроил Демократия Институти томонидан ўтказилган сўровга кўра, Нетаньяху олдида турган жумбоқ шундаки, у Исроил халқига ХАМАСни йўқ қилишга ваъда берган ва кўпчилик аҳоли Рафаҳга бостириб киришни қўллаб-қувватлайди. Аммо АҚШ Ғазога қарши уруш давомида Исроилни қўллаб-қувватлаганига қарамай, кенг кўламли босқинни оқламаслигини маълум қилди.  

Ҳокимиятда қолиш истаги  

- Нетаньяхунинг сиёсий фаолияти ҳам Ғазодаги урушни давом эттиришга боғлиқ,-  дейди таҳлилчилар. Уларнинг тушунтиришича, доимий оташкесим унинг ўта ўнг коалициясининг парчаланиши, муддатидан олдин сайлов ўтказилиши ва ҳокимиятдан четлатилишига олиб келиши мумкин. Хабарларга кўра, Исроилнинг ўта ўнгчи миллий хавфсизлик вазири Бен Гвир ва молия вазири Безалел Смотрич агар Исроил асирлик шартномаси ва ўт очишни тўхтатишга рози бўлса, Нетаньяху коалициясини тарқатиб юбориш билан таҳдид қилган.  

Шундай қилиб, Нетаньяху ҳокимиятда қолиши учун уруш давом этиши керак.  

Май ойида АҚШ президенти Жо Байден Нетаньяхуни Рафаҳга бостириб киришдан огоҳлантирган ва бундай ҳаракат қизил чизиқ бўлишини айтган эди. Ўтган ҳафтaда Қўшма Штатлар Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатиш ҳақида маълумот берди. Юқори мартабали расмийларга кўра, март ойида АҚШ Исроил томони Рафаҳда фойдаланиши мумкин бўлган қуроллар рўйхатини ўрганиб чиққан.  

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/NKpnGYrrdGg?si=0Fta2mIMhBg3ZmfR" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Сардорбек Поёнов, Ёқубжон Мелибоев, Анвархўжа Аҳмедов (видео), ЎзА