Исроил оммавий ахборот воситалари мамлакатдаги норозиликларни ташқи разведка хизмати “Моссад” раҳбарияти қўллаётгани тўғрисидаги хабарларга жавобан, Бош вазир Биньямин Нетаньяху бу гаплар ҳақиқатдан йироқ экани ва Хизматнинг бутунлай унинг назорати остида эканини таъкидлади. Бу ҳақда “NBC” телеканалига берган интервьюда ўзи баёнот берди.
Ҳукумат раҳбарининг қайд этишича, аслида фақатгина “Моссад”нинг юридик маслаҳатчиси суд-ҳуқуқ ислоҳоти лойиҳасига қарши ўтаётган норозилик намойишларида кичик разведка ходимларининг иштирок этиши мумкинлиги тўғрисида хулоса тайёрлаган.
Унинг сўзларига кўра, маслаҳатчи Исроил қонунчилигига кўра, “Моссад”нинг кичик ходимлари намойишларда қатнашиши мумкин, лекин юқори лавозимли ходимларга мумкин эмаслигини айтган.
“Айнан шу нарса тушунмовчиликларга олиб келган”, деб қўшимча қилди Бош вазир.
Аввалроқ Интернетга сиздирилган Пентагоннинг махфий ҳужжатларида Американинг разведка маълумотларига кўра, “Моссад” раҳбарияти ўз ходимлари ва исроилликларни март ойида мамлакат бўйлаб ўтказилган ҳукуматга қарши намойишлардаги иштирокини қўллагани ҳақида хабарлар тарқаган эди.
ЎзА