Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху мамлакатнинг 10 йиллик мудофаа бюджетини 350 миллиард янги Исроил шекели (107,5 миллиард доллар) оширишга қарор қилди. Бу 2023 йилга нисбатан 70 фоиз ўсиш.
Исроил давлат телеканали KAN хабарига кўра, бу ташаббус молия вазири Бизалел Смотрич ва иқтисодиёт бўлими раҳбариятининг салбий муносабатига сабаб бўлган.
Ҳисоботда ҳарбий сарф сезиларли даражада ошиши кутилаётгани, бу эса фуқаролик харажати қисқариши, солиқ кўтарилишига олиб келиши қайд этилган.
Режалаштирилган мудофаа бюджетининг жами миқдори ҳақида маълумот берилмаган.
Мазкур қарор молия вазири Смотрич ва мудофаа вазири Исроил Кац ўртасидаги учрашувда қабул қилинган. Нетаньяху фикрини эълон қилгач, Смотрич билан келишмовчилик юзага келган. У лойиҳага рози эмаслигини билдирган.
Маълумот ўрнида: 2023 йил 7 октябрдан кейин Исроил Ғазо, Ливан, Яман, Сурия ва Эронга йирик зарбалар берди. Шунингдек, Қатар пойтахти Доҳада ХАМАС делегациясига суиқасд уюштиришга уринди.
Шу даврда мамлакатнинг мудофаа харажати сезиларли даражада ошиб, ҳарбий бюджетга сезиларли қўшимчалар киритилди.
Ҳужумлар бошланган 2023 йил Исроилнинг мудофаа харажати 27,5 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2024 йил бу рақам 46,5 миллиард долларга етди.
Гўзал Сатторова, ЎзА