Исроил Бош вазири Беньямин Нетаньяҳу Қатар пойтахти Доҳа шаҳридаги ҲАМАС қароргоҳига қилинган ҳужумни “қонуний” деб атади ва қаерда бўлишларидан қатъи назар, гуруҳ раҳбарларига нисбатан яна зарба берилиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Ушбу баёнот АҚШ давлат котиби Марко Рубио Исроилга ташриф буюрганда ўтказилган матбуот анжумани чоғи янгради. Нетаньяҳу таъкидлашича, Вашингтон ҳамон яҳудий давлати томонида ва ҳар икки давлат “Ғазода барқарор тинчликка эришиш, ҲАМАСни йўқ қилиш ва барча гаровга олинганларни озод этиш”ни мақсад қилган. Ҳозир жангарилар қўлида қолаётган 50 одамдан тахминан 20 нафари ҳаётлигига ишонч бор. Шунингдек, Исроил раҳбари ўтган ой анклавда бошланган Исроил армиясининг ҳужумкор амалиёти тўлиқ назорат ўрнатилгунга қадар давом этиши, ҲАМАСнинг сўнгги таянч нуқтаси, деб ҳисобланаётган анклав шимолидаги шаҳарни йўқ қилиш режалаштирилганини маълум қилди.
Ғазода юз минглаб фаластинлик яшайди, Исроил уларни жанубга кўчишга мажбурламоқда. Нетаньяҳу далил келтирмасдан, ҲАМАС жангарилари тинч аҳолини “тирик қалқон” қилиб, шаҳардан чиқармаётгани, ҳатто “аҳолининг йўлини тўсиш учун одамларнинг оёғидан отаётгани”ни, иддао қиляпти. Ва ҳар қандай вазиятда ҳужум давом этишини айтмоқда. ҲАМАС маълумотига кўра, гарчи мустақил равишда тасдиқлаш ёки инкор этиш имкони бўлмаса-да, Исроил томонидан уруш кенгайтирилиши эълон қилингандан бери камида 350 000 фаластинлик уйини тарк этган, 1600 турар-жой биноси ва 13 000 вақтинча яшаш чодири вайрон қилинган. Бу рақамлар Нетаньяҳу эълон қилган ахборот тўғрилигига шубға уйғотаётгандек.
Исроил етакчиси ҲАМАС ваколатхонасига ҳаво зарбаси берилганига изоҳ бераркан, “Қочишингиз мумкин, яширинишингиз мумкин. Сизларни барибир топамиз." Халқаро ҳамжамият ҳужумни кескин қоралади. Бош вазир эса танқидга кескин жавоб қайтариб, Исроил ноҳақ танқид қилинаётганига урғу берди. Шундан сўнг БМТ Хавфсизлик кенгаши 1373-сонли резолюциясига ишора қилди: ҳужжатда “ҳеч бир давлат террорчиларни паноҳига олмаслиги, молиялаштирмаслиги ёки ёрдам бермаслиги керак”лиги белгилаб қўйилган.
Нетаньяҳу Доҳага ҳужумни АҚШ Афғонистон ва Покистонда Ал-Қоида раҳбари Усама бин Лодинга қарши ўтказган амалиёт билан солиштирди.– Жиноят амалга ошириши учун террорчиларга қўналға ва паноҳ тақдим этган юрт суверен давлат эмас, – деди у. – Халқаро қонунга кўра, ҳар қандай мамлакат фуқаросини оммавий қирғиндан ҳимоя қилиш учун чегарадан ташқарида ҳам ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Давлат раҳбари “Моссад”нинг 1972 йил Мюнхен Олимпиадасида исроиллик спортчиларни ўлдирган Фаластинни озод этиш ташкилоти аъзоларини Европада йўқ қилиш амалиётини ҳам эслаб, ўшандан бирор давлат Исроилни бу ҳаракати учун қораламаганига эътибор қаратди.– Биз бундай ишларни етакчи Европа давлатларида ҳам қилганмиз,– деди у.
Рубио Вашингтоннинг бу масала бўйича аниқ қарашини билдирмади, фақат АҚШ минтақада уруш кенгайишининг олдини олиш сиёсатига риоя қилишини билдирди, холос. Сўнгра Қатарни АҚШнинг йирик иттифоқдоши, деб атади ва Амирликни Ғазо секторидаги низони тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича асосий воситачи сифатидаги ролидан воз кечмасликка чақирди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/oqz2ZReMEgI" title="Netanyahu: Qatarga berilgan zarba – haqqoniy" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА