Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Непал қамоқхоналаридан 15 мингдан ортиқ маҳбус қочиб кетди
14:25 / 2025-09-11

Катмандуда ҳукуматга қарши намойишлар бошланганидан бери йигирмадан ортиқ қамоқхонадан камида 15 мингдан ортиқ маҳбус қочиб кетди, фақат уларнинг бир қисми ихтиёрий равишда қайтиб келган, айримлари қайта ҳибсга олинди, деб хабар бермоқда “The New Indian Espress” нашри.

Таъкидланишича,қочиб кетганлар орасида қотиллик, зўрлаш ва одам савдоси учун ҳукм қилинганлар ҳам бўлган.

Шиддатли қўзғолон ўлка бош вазири Кадга Прасад Шарма Олини истеъфога чиқишга мажбур қилди, шундан сўнг Непал армияси бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат жорий қилди. 

Бугун эрталаб Мадҳеш провинциясидаги Рамечхап ҳибсхонасида маҳбуслар ва хавфсизлик ходимлари ўртасида содир бўлган шиддатли тўқнашувда уч нафар маҳбус ҳалок бўлди, яна 13 нафари яраланди.

Қарама-қаршилик маҳбуслар газ баллони ёрдамида портлаш содир қилиб, муассасадан чиқиб кетишга уринганларида бошланган. 

– Жароҳатланганлар Рамечхап туман шифохонасига ётқизилди, — дейилади маҳаллий полиция баёнотида.

Рамечхап қамоқхонаси бош нозири Лила Прасад Шарма Непал хавфсизлик кучлари, армия ва полицияси қочганларни қайта ҳибсга олиш ва тартибни тиклаш учун бутун мамлакат бўйлаб жойлаштирилганини тасдиқлади. 

– Биз уларни имкон қадар тезроқ қайта ҳибсга олиш учун барча мавжуд ресурсларни сафарбар қилмоқдамиз, - деди у “Kathmandu Post” газетасига берган интервюсида.

Сешанба куни кечқурун Непал ғарбидаги Наубаста ахлоқ тузатиш уйида хавфсизлик ходимлари билан тўқнашувда беш нафар вояга етмаган маҳбус ҳалок бўлган эди.

Ўлка полицияси манбасига кўра, бугун эрталаб ҳинд зобитлари Непал-Ҳиндистон чегарасидаги “Баиргания” назорат пункти яқинида чегарани кесиб ўтмоқчи бўлган 13 нафар маҳбусни ҳибсга олган.

Ў.Алимов, ЎзА