Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 январдаги «Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ шу йилнинг 1 майига қадар Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси халқаро тан олинган баҳолаш ташкилотлари билан ҳамкорликда педагог кадрнинг малака тоифасини олиш бўйича чет тили фани ўқитувчиларининг малака синовларида тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини баҳолаш тизимини ишлаб чиқилиши белгиланганди.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг 17 февраль куни Таълим инспекцияси раҳбарияти ва Германиянинг Тошкент шаҳридаги Хориждаги мактаблар бўйича марказий идорасининг немис тилини чет тили сифатидаги мутахассис маслаҳатчиси Барбара Дамболдт ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда немис тили ўқитувчиларини профессионал ва услубий ва дидактик жиҳатдан малакасини ошириш, таълим ташкилотларида фаолият юритаётган немис тили ўқитувчиларини малака синовларини 4 та компетенция асосида баҳолаш борасида ҳамкорлик масалалари, "Deutsches Sprachdiplom" сертификати имтиҳонлари тест форматлари, баҳолаш мезонлари, вақт меъёрлари ҳамда имтиҳон харажатлари ҳамда синовлар бўйича ўтказилган валидлик ва ишончлилик тадқиқотлари натижаси билан билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Таълим инспекцияси бошлиғи ўринбосари Одил Қўйсинов хорижлик меҳмонга ташриф ва ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирар экан, ўқитувчилар малакаси ва маҳоратини баҳолашда томонларнинг изчил ҳамкорлиги ҳар жиҳатдан муҳим эканлигини таъкидлади.
Ўз навбатида Дамболдт хоним бу борада ҳамкорлик алоқаларига тайёр эканлигини таъкидлади. Хусусан, немис тили бўйича ўтказиладиган аттестация жараёнлари учун ишлаб чиқиладиган тест форматлари учун илмий хулосалар ва жараёнларни ташкил этувчи тренерлар учун семинарлар ташкил этиш имконияти борлигини маълум қилди.
Файзулло Яҳёев, ЎзА