ФОТОРЕПОРТАЖ
Пойтахтимизда немис тили ўқитувчиларининг анъанавий XVIII анжумани ўтказилди. Бу йилги нуфузли тадбир ўз майдонида мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган 230 дан зиёд соҳа вакилини жамлади.
Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан Швейцария элчихонаси, Гёте институти, Германиянинг хориждаги мактаблар бош бошқармаси (ZfA) ва Германия академик алмашинув хизмати (DAAD) ҳамкорлигида ташкил этилган анжуман замонавий методикалар бўйича ўқитувчилар малакасини ошириш, халқаро ҳамкорлик доирасида илғор тажриба алмашиш мақсадига қаратилган. Иштирокчилар икки кун давомида турли мавзулардаги семинар ва маҳорат дарсларида қатнашиб, германиялик ҳамда маҳаллий мутахассислар билан ўзаро фикр-мулоҳазалар алмашди.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида ташкил этилган анжуманнинг очилиш маросимида Германия Федератив Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Манфред Хутерер, Швейцария элчихонаси вакиллари ва мамлакатимиз таълим соҳаси масъуллари, немис тили фани ўқитувчилари иштирок этди.
[gallery-26129]
Таъкидлаганидек, немис тили дунёда энг кўп қўлланиладиган тиллардан бири ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам немис тили ва маданиятини ўрганишга қизиқиш катта. Бугунги кунда юртимизда 300 мингдан зиёд киши олмон тилини ўрганмоқда, 3 мингга яқин ўқитувчи ушбу тилдан дарс беради.
– Ҳамкорлик алоқаларимиз ривожи учун тилни ўзлаштириш жуда муҳим, - дейди Германиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Манфред Хутерер. – Немис тили билими ва кўникмалари орқали давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўприклари янада мустаҳкамланмоқда. Масалан, туризм соҳасида фаолият юритмоқчи бўлганлар ёки малакали мутахассис сифатида Германияга бориш истагидагилар учун тил билиш муҳим аҳамиятга эга. Ўтган йили Германия Федерал Канцлери Самарқандга ташриф буюрганида Ўзбекистон ва Германия ўртасида муҳим бўлган битим – миграция ва мобиллик соҳасидаги ҳужжат имзоланди. Бу битимни имзолаш орқали бизнинг икки томонлама алоқаларимизни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилди.
Анжуман давомида немис тилини ўргатиш ва ўрганиш бўйича тайёрланган маърузалар тингланди. Ушбу тилни ўқитиш, оммалаштириш, таълим жараёнига янги ўқув-услубий қўлланмаларни жорий қилиш, немис тили ўқитувчиларининг илмий-педагогик салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгусидаги вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
– Тадбирда устозлар ҳам методик, ҳам конструктив малака ошириш имконига эга бўлди, - дейди Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш бошқармаси бошлиғи Шаҳло Темирова. – Шуни таъкидлаш керак, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб мактабларда иккита хорижий тилни ўқитиш йўлга қўйилган. Жараёнда айнан немис тилини иккинчи хорижий тил сифатида ўқитиш амалиётини кенг йўлга қўйиш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, немис тили асосий хорижий тил сифатида ўқитиладиган мактаблар сонини оширишга ҳам эътибор қаратилган. Ҳозирда мингдан ортиқ мактабда немис тили асосий хорижий тил сифатида ҳамда юздан ортиқ мактабда иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилмоқда.
Анжуман мамлакатимизда хорижий тиллар, хусусан немис тилини ўқитиш ва ўрганиш сифатини ошириш, ўқитувчиларнинг малакасини юксалтириш ҳамда илғор тажрибаларни амалиётга жорий этишда муҳим қадам бўлди. Бу каби тадбирлар ёш авлоднинг хорижий тилларни пухта ўзлаштириши, дунёқарашини кенгайтириши ҳамда икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга албатта, ҳисса қўшади.
Камола Юсупова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА