Европа Иттифоқи НАТОни тарқатиб юборишга тайёргарлик кўриши ва тузилмага аъзо давлатлар манфаатини АҚШ фойдасига қурбон бўлмайдиган мустақил сиёсат юритмоғи керак. Бу ҳақда Бундестаг сўл партияси депутати Севим Дагделен маълум қилди.
“Ҳозир бу гапларим Германия халқи учун утопик бўлиб туюлиши мумкин, аммо бизнинг узоқ муддатли мақсадимиз НАТОни тарқатиб юбориш ва қуролсизланиш ҳамда ҳамкорликка тўлиқ йўналтирилган жамоавий хавфсизлик тизимини яратиш бўлмоғи лозим”, дея иқтибос келтирган Хитойнинг “Global Times” газетаси ноибнинг баёнотидан.
Депутат таъкидлашича, ЕИ ва АҚШнинг Украина бўйича манфаати бир-бирига мутлақо зид. “Қўшма Штатлар Россиянинг ҳарбий мағлубияти учун ҳар нарсага тайёр. ЕИ Америка манфаати ва стратегиясига мослашмаслиги керак”, - қўшимча қилди сиёсатчи.
Севим Дагделен фикрича, дунёда қарама-қарши уюшмалар пайдо бўлганда халқаро ҳамжамият “совуқ уруш” усули ва тафаккурини унутмоғи шарт. Қарама-қаршиликдан воз кечиш керак. Бу биз амалга оширишимиз керак бўлган энг биринчи иш”.