Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” санъат галереясида машҳур немис рассоми Паула Модерзон-Беккер ҳамда ХIХ аср охирларида Германиянинг шимолида ташкил этилган таниқли Ворпсведе рассомлар коммунасининг ижодий мероси намойиш этилди.
Халқаро маданий алоқалар институти (IFA), Ўзбекистон Гёте институти, шунингдек, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси кўмагида ташкил этилган кўргазмада 80 дан ортиқ чизмалар, эскизлар, гравюралар, фотосуратлар ҳамда тасвирий санъатни адабий матнлар билан уйғунлаштирган 11 та тўплам ва монографиянинг расмли нашрлари экспозицияга чиқарилган.

Такрорланмас ижоди билан ажралиб турадиган Паула Модерзон-Беккер (1876-1907) асарлари экспозицияда алоҳида ўрин эгаллайди. У Европа санъатида аёл нигоҳи орқали ўз йўналишини топган илк рассомлардан биридир. Қисқа умри давомида 750 га яқин рангтасвир ва мингдан ортиқ чизмалар яратган. Асарларида Ворпсведенинг табиати ва аҳолиси билан боғлиқлик бор. Айниқса, у аёллар ва болалар портретларида образларининг ички кучи, қадр-қиммати ва ҳис-туйғуларининг теранлигини илиқлик ва нафислик билан тасвирлаган.

- Кўргазма Ҳамме дарёси водийсининг ботқоқ ороллари, қишлоқ манзаралари ва маҳаллий аҳолининг образлари орқали Ворпсведе ҳаётининг поэтик ифодасини яратади, - дейди Ўзбекистондаги Гёте институти директори Барбара Анна Бернсмеиер. - Табиат бу ҳудудда инсон ҳаёти ва санъатига кучли таъсир кўрсатадиган фаол муҳит сифатида акс этган. Париждаги сафарлари ва замонавий санъат йўналишлари билан танишуви унинг ўзига хос бадиий ифода воситаларини шакллантиришига хизмат қилган. У яратган образлардаги самимийлик, индивидуаллик ва жасоратли услуб бугунги кунда ҳам томошабинларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

“Ипак йўли” санъат галереяси директори Дурдона Кулматованинг таъкидлашича, германиялик рассом асарлари беш ой кўргазмада намойиш этилган ва уч мингга яқин томошабин асарларни кўриш учун келган.
- Санъат мухлислари ва ижодкорлар Паула Модерзон-Беккернинг асарларини юқори баҳолади ва Германиядан олиб келинган XIX-ХХ асрларга оид нодир асарлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди, - дейди Д.Кулматова. – Ушбу санъат асарлари жамиятда аёлларнинг тутган ўрни ва уларнинг ижодга бўлган қизиқишини ошириш, модернизмнинг асосий тамойиллари ҳақида мулоҳаза қилишга ундайди. Шу билан бирга, халқларнинг маданий меросини бирлаштириш, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ва санъатнинг ўзига хос жиҳатларини оммага етказишга хизмат қилади.

Ғ. Ҳасанов, А. Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари