Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Немис матбуотида – Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти
15:09 / 2024-02-09

Германиянинг “Diplomatisches Magazin” журнали январь-февраль ойларидаги сонида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида мақола чоп этилди. Бу ҳақда мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонаси маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу нуфузли немис журнали саҳифасидаги немис ва инглиз тилларидаги мақола юртимиз сайёҳлик салоҳиятига оид чиройли суратлар билан безатилган. 

Мақолада муаллиф Мари Вилдерманн ўтган йили БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) конференцияси учун Самарқанд бежизга танланмаганини таъкидлаган. 

Журналда қайд этилишича, анжуманга 150 та давлатдан 1 минг 700 га яқин делегат ташриф буюрган. Дастурга кўра, муҳташам бинолардаги расмий йиғилишлардан ташқари, журналистлар учун Самарқанддаги гўзал меъморчилик обидалари ва шаҳарнинг диққатга сазовор жойларига пресс-турлар ташкил этилган. 

“Шаҳарда ҳаёт одатдагидек давом этмоқда: зангори ва феруза рангли муҳташам масжидлар, миноралар ва мақбаралар. Эртакона шаҳарнинг мазкур осори-атиқалари кўпчилиги XIV асрга тўғри келади. Соҳибқирон Амир Темур салтанатининг маркази бўлмиш Самарқанд Шарқ цивилизациясининг маркази сифатида гуллаб-яшнаган. Ўша даврда қурилган мадраса, масжид, Регистон майдони Буюк Ипак йўлининг марказий жойларидан бири сифатида бугунги кунгача дунёдаги энг машҳур майдонлардан бири бўлиб қолмоқда”, дея изоҳлайди немис журналисти. 

“Истиқболли ва ноёб сайёҳлик маскани саналмиш Самарқанддаги Регистон майдони яқинида жойлашган машҳур Сиёб бозори Ўрта асрлар ва замонавийликни ўзида уйғунлаштирган гўё. Зираворлар, қуритилган мевалар, гиламлар, нафис маҳсулотлар ёнида ранг-баранг сопол идишлар. Ресторанларда номоддий жаҳон маданий меросининг бир қисми бўлган, гўшт, сабзи ва бошқа масаллиқлардан моҳирона тайёрланган ўзбек миллий таоми палов тортилмоқда. Кеч тушгач шарқона меъморчилик дурдоналари жозибадор “light show” ёғдуси билан жонланади. Эртакдаги "Минг бир кеча" майдони киши илғамас замонавий даврга ўтади”, дея тасвирлайди немис журналисти. 

Нашрнинг ёзишича, замонавий Ўзбекистоннинг меҳмондўстлиги, одамларнинг хушмуомалалиги ҳайратланарли. 1991 йилда мустақилликка эришган Ўзбекистон дунёвий давлат, мамлакат ўзи танлаган йўлидан ишонч билан ривожланмоқда ва мамлакатда ижтимоий-сиёсий барқарорлик, миллатлараро ва динлараро тотувлик ҳукмрон. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлиги остида мамлакат демократик ҳуқуқий давлат, эркин иқтисодиёт талабларини тўлиқ жорий этиш, фуқаролик жамияти асосларини қуриш йўлидан бормоқда. Президент томонидан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси қабул қилинди. Ушбу стратегия мамлакатга хорижий сармояларни жалб этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, туризм соҳасида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва бошқа вазифаларни ўз ичига олган. 

Унда Марказий Осиёнинг марказида жойлашган Ўзбекистон сўнгги йилларда истиқболли ва ноёб сайёҳлик масканига айланиб бораётганига эътибор қаратилган. Немис нашрида ландшафтлар, маданий хилма-хиллик, миллий қадриятлар ва бетакрор пазандачилик анъаналарини сақлаб қолишда ташкил этилган сайёҳлик марказларининг ўрни беқиёс экани қайд этилган. 

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА