Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида янги китоб
Атоқли адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Неъмат Аминовнинг “Танланган асарлар” китоби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳомийлигида нашрдан чиқди.
Китобдан адибнинг “Ёлғончи фаришталар” романи, “Бир аср ҳикояти” қиссаси, ўнлаб сара ҳикоялари, қатор ҳажвия ва фелъетонлари жой олган.
Неъмат Аминов, таъбир жоиз бўлса, омадли – ўзининг дастлабки ҳикоя ва ҳажвиялари билан адабиёт ихлосмандлари олқишига сазовор бўлган ёзувчи. Ўзбекистон Қаҳрамони Саид Аҳмад ёзувчининг “Ёлғончи фаришталар”ини ўқиб, “Неъмат Аминов ўзбек адабиётида биринчилардан бўлиб ҳажвий роман яратди” дея эътироф этган эди.
Неъмат Аминов асарлари қаҳрамонларининг кўнгилга яқинлигининг боиси нимада? Адиб номи тилга олиниши билан у кишини асарлари билан таниш ўқувчилар кўзларида, юзларида акс этадиган самимийлик-чи, у – нимадан?..
Ёзувчи асарларига куч берган омил, бу аввало, адибнинг ўзи яшаган муҳит ҳаётини яхши билишида, ўз қаҳрамонлари ҳаёти, урф-одатларини шу асосда тасвирлашида.
Неъмат Аминов ҳар бир асарида, хоҳ у оддий ҳажвия, хоҳ ҳикоя бўлсин, хоҳ қисса, роман бўлсин ҳаёт ҳақиқатларини ўзи яхши билган, ўқувчи яхши қабул қиладиган юмор, кулгуга ўраб тасвирлайди. Унинг қаҳрамонлари осмондан тушмаган, сиз ва биз билган одамлар, аммо ҳар бирида ўзига хос характер бор. Ёзувчи қаҳрамонларини ўзигагина хос бўлган ҳолатлари билан беозор, самимий тасвирлайди, уларнинг жинсига, маълумотига, ёшига, касби-корига боғлиқ сифатларни аниқ бўёқларда кўрсата олади. Бу эса образнинг ёрқинлигига, китобхон хотирасида узоқ сақланиб қолишига сабаб бўлади.
Адиб асарларининг яна бир муҳим жиҳати, бу шубҳасиз, унинг тили – асарга Бухоро колоритининг акс этиши, адиб томонидан Бухоро шевасини моҳирона тасвирланишидир.
– Неъмат Аминов узоқ йиллар халқ ҳаётини чуқур ўрганди, устозларидан пухта сабоқ олди. Энг муҳим эса кўп йиллик ижодий изланишлар туфайли бой тажриба орттирди. У нимани ёзиш кераклигини биладигина эмас, нимани ёзмаслик кераклигини ҳам билади” деб ёзган эди адиб ҳақида атоқли адабиётшунос, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов.
Неъмат Аминовнинг “Танланган асарлар”ини, албатта, ўқинг. Кўнглингиз ёришиб, руҳингиз қувват олади.
А.Нарзуллоев, ЎзА