Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нега ташкилотларнинг барчаси ҳам янги тартибда ишламаяпти?
15:10 / 2019-11-01

Давлат хизматлари марказлари томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?


Давлат хизматлари марказлари томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда? Уларнинг хизматларидан аҳоли ва юридик шахслар самарали фойдалана оляптими? 

Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармасида бўлиб ўтган матбуот анжуманида шу ҳақида сўз борди. Тадбирда туман ва шаҳар давлат хизматлари марказлари, ФҲДЁ бўлимлари ва архиви томонидан жорий йилнинг 9 ойида амалга оширилган ишлар, давлат хизматлари марказларини бошқа давлат органлари ва ташкилотлари билан интеграциялашуви ва ундаги муаммолар, янги хизмат турлари ҳақида батафсил маълумот берилди. 

Бугун давлат билан халқ ўртасидаги мулоқот янги босқичга кўтарилди. Халқнинг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қулайлик яратиш ва шаффофликни таъминлашга қаратилган давлат хизматларини кўрсатишнинг янгича тизими ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Вилоятдаги 19 та туман ва шаҳарлардаги давлат хизматлари марказларига 2019 йилнинг ўтган даврида жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 1 миллион 79 минг 476 та мурожаат келиб тушган. 6 минг 453 та юридик шахс бўлган тадбиркорлик субъектлари, 1 минг 496 та тадбиркорлик субъектлари сайёр рўйхатдан ўтказилган. 

photo5321083615385332883.jpg

Шоҳимардон, Ёрдон, Чимён каби олис ҳудудларда ҳам давлат хизматлари марказлари ва уларнинг шохобчалари фаолият олиб бораётгани, соҳадаги ислоҳотлар эътирофга сазовор. Мақсад эса аниқ – аҳолига сифатли давлат хизматини ташкил этиш билан одамлар мушкулини осон қилиш. 

Айни вақтда ютуқлар билан бирга давлат хизматлари марказларига боғлиқ бўлмаган муаммолар ҳам бор. Кўплаб ташкилот ва идоралар ҳали ҳам янги тартибда ишлашга ўтмаган. Улар марказлар билан ўзаро электрон ахборот алмашинишда интеграция жараёнларига тайёр эмас. Аксарият маълумотлар қоғоз шаклида сақланади ва юритилади. Корхона ва ташкилотларнинг автоматлаштирилган электрон тизимлари, электрон маълумотлар базалари тўлиқ шаклланмаган. 

– Шу каби ҳолатлар давлат хизматлари марказларида тезкор ва сифатли хизмат кўрсатилишига тўсиқ бўлаётир, – дейди Давлат хизматлари агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси ахборот-коммуникация технологияларни жорий этиш ва давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ахборот тизимлари билан ҳамкорлик қилиш бўлими бошлиғи Саидкамол Муҳаммаджонов. – Нафақат марказлар, балки туман ва шаҳарлардаги давлат органлари, корхона ва ташкилотлар ўртасида ўзаро электрон ахборот алмашиш деярли йўлга қўйилмаган. Яъни электрон почта, e-xat, e-ijro каби ахборот алмашиш тизимларидан фойдаланилмайди. Бу тизимлар фақатгина вилоят марказидаги бошқармаларда мавжуд холос. Шу сабабли керакли маълумотларни олиш учун интеграциялашмаган бу ташкилотлар фуқароларнинг ўзларидан фойдаланмоқда. Бу эса фуқароларни сарсон қилиш, деганидир. 

Анжуман давомида ФҲДЁ, мактабгача таълим муассасалари ва ДХМ ҳамкорлиги масалалари, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш, мобиль хизматлар, коммунал соҳаларда кенг мунозара ва баҳслар бўлиб ўтди. Журналистлар ўзларининг қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.