Куни кеча мендан «қайси спорт турларига қизиқасан?» деб сўраб қолишди. Тўғрисини айтганда, суҳбатдошимга нима деб жавоб беришни билмай қолдим. Чунки, ёмон кўрган спорт турларимни санаб беришим мумкину, аммо бирортасини яхши кўраман деб айтолмадим. Суҳбатдошим эса ҳайрон тикилганча қараб турар экан, мени замондан ортда қолиб кетган қиз деб ўяди чоғи.
Ҳа, ҳозирги кунда кишиларнинг қанчалик соғлом ҳаёт кечиришини билиш учун қайси спорт билан шуғулланишини суриштириш кифоя бўлиб қолди. Спортга алоқаси йўқ одамларни улар қанчалик банд бўлиши ёки ақлий меҳнат билан машғул бўлишидан қатъий назар осонликча дангасага йўйиб қўйишади. Кейин ўйлаб қолдим: Хўш, нега мен бирорта спорт турига қизиқмайман? Бу битта менинг муаммоимми ёки жамиятнинг?
Бу саволга жавоб топиш учун ҳикояни энг бошидан бошлашга тўғри келади. Болалигимда УШУ спорт турига жудаям қизиққанман. Чунки оила йигитлари - акам ва укам шу спорт тўгарагига қатнашар эди. Менга эса қиз бола бўлганим учун рўйхушлик беришмаган. Ота-онам мактабда аъло баҳоларга ўқишим кераклиги, бош вақтимда бирор бир ҳунар билан шуғулланишим спортдан кўра фойдали бўлиши ҳақида қанчалик тушунтиришга уринишмасин, акамга ҳавас қилиб «барибир, спортга қатнайман» деб туриб олдим. Сўнг «биргаликда шуғулланишга дугоналаринг орасидан шерик топсанггина рухсат берамиз» дейишди. Лекин бу иш мен ўйлаганчалик осон кечмади. Битта бизнинг оиламизда қизларни спортга беришмайдими деб ўйласам, деярли ҳеч қайси синфдош дугоналаримнинг ота-онаси қизини спортга беришни маъқулламади. Нима эмиш, ошхона аёллар ҳудуди бўлганидек, спорт зал фақат йигитлар жойи экан! Табиийки, барча спорт турлари ҳам ўғил болаларники эмас. Масалан, гимнастикани мисол келтирсам – унинг кийиниши менталитетимизга тўғри келмайди, дейишди. Волейбол, баскетбол, гандбол каби тўпли ўйинларни санасам - бундай спорт турларида машқ қилаверган қизлар «эркакшода» бўлиб кетишини рўкач қилиб кўрсатишди. Хуллас, ақлий спорт турларидан ташқари санамаган спортим қолмади. Барчасида асосий таркибда йигитлар кўп бўлишини, улар олдида югуриб юриш қиз болага ярашмаслиги, спорт либослари очиқ-сочиқ эканлигини пеш қилавериб, охири спортга бўлган қизиқишимни сўндиришди. Мана мен нима учун спорт йўлидан чекиндим. Мана бизнинг халқ хотин-қизлар спортига қандай муносабат билдиради. Нима мендек орзуларидан воз кечганлар кам деб ўйлайсизми? Бу борада ёлғиз эмаслигим аниқ.
Шу ўринда савол туғилади: Хўш, нега хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишига иккинчи даражали масала сифатида қаралади?
Бу давлат сиёсатига таъллуқли савол эмас, албатта. Чунки, келажакни олдиндан кўра билган биринчи президентимиз, соғлом авлодни фақат соғлом оналаргина камолга етказиб беришини яхши англаганидан, Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ мамлакатда хотин-қизлар спортига бўлган эътиборни кучайтирди. Ўтган йилларнинг «Оила йили», «Аёллар йили», «Соғлом авлод йили», «Она ва бола йили», «Сиҳат-саломатлик йили», «Ёшлар йили», «Баркамол авлод йили» деб аталишининг замирида ҳам хотин-қизлар спортини ривожлантириш билан боғлиқ улкан маъно ва мазмун мужассам эди. Биргина спорт тизимида давлатимизнинг илк қонунларидан бири «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги, дастлабки таъсис этилган мукофотлардан бири «Соғлом авлод учун» ордени эканлиги ҳукуматимизнинг ёшларни маънан етук ва жисмонан баркамол авлодлар қилиб вояга етказишдаги саъй-ҳаракатлари намунасидир. Қизларни оммавий равишда спортга жалб этишда самарали ишлар амалга оширилгани, қишлоқ жойларда замонавий спорт заллар очилгани, мактаб ёшидаги қизларга спорт кийими ва ашёлари бепул тарқатилиб, уларни спортга бўлган иштиёқини рағбатлантиришгани ҳақида қанча тўлиб-тошиб гапирмайлик шунча оз ва амалий ишлар ҳозирги кунгача давом этмоқда. Лекин, бу саъй-ҳаракатлар билан кутилган натижага эриша олдикми? Ҳаммаси фақат давлат амалга оширган ишларга боғлиқ бўлганда эди…
Жорий йил бошида У-Репорт жамоаси Ўзбекистонда спортнинг оммалашуви қай даражада эканлигини аниқлаш мақсадида ёшлар ўртасида сўровнома ўтказди. 1600 нафардан ортиқ қатнашчилар берган натижалар қуйидагиларни ташкил этди. Хусусан, «сиз спорт билан шуғулланасизми?» деган саволга 28 % ёшлар умуман шуғулланмаслигини, 23% ҳафтасига бир марта, 16 % одамгина ҳар куни шуғулланишини айтган. «Нима учун спорт билан шуғулланмайсиз?» саволига эса «вақтим йўқ» жавоби энг кўп овоз тўплаган (40%). Респондентларнинг 23% дангасалиги туфайли спорт билан шуғулланмаса, яна 16 % спорт билан шуғулланишга жой йўқлигини, 8 % умуман спортга қизиқмаслигини айтиб ўтган.
Кўринадики, одамларни «спорт - фақат бўш вақтда шуғулланадиган жараён» деган эскича қараш ҳали ҳам тарк этгани йўқ. Бундан ташқари, жамият вакиллари биринчи галда спортга бўлган қизиқиш уйғонмас экан, ҳукуматнинг йирик масштабда олиб бораётган ислоҳотлари етарли самара бермайди. Ахир «қарс икки қўлдан чиқади» деган мақол бор. Хўш, муаммо нимада? Муаммо шундаки, ёш авлодда спортга қизиқиш уйғота оладиган, унга асосий тарбия берувчи онанинг ўзи спортдан анча йироқ. Бир қарашда бу кўзга ташланмайдиган омилдек гўё. Аммо барча-барчаси ана шу нуқтада бошланмайдими? Хўш, аёлларни спортдан узоқлаштираётган муаммолар қайсилар?
Муаммонинг энг биринчи кўриниши: спорт нимага керак эканлиги моҳиятини жуда кам одам тушуниб етади. Эскича фикрлаш қолдиқлари ҳали ҳам мавжудлиги шунда кўринадики, аёллар спорт деганда фақат ҳаракатда бўлиб туришни тушунганидан, кун бўйи уй-рўзғор юмушларини қилиб юрсак машқ ўрнига ўтиб кетаверади, деб ўйлашади Аслида эса ҳар бир спорт турининг ўз фойдали жиҳатлари бор. Келинг, булар нималардан иборат эканлигини, хотин-қизлар ўртасида энг оммабоп бўлган бир нечта спорт турлари мисолида тушунишга ҳаракат қиламиз.
Масалан, бадиий гимнастика машқлари организмнинг гармоник ривожланишини таъминлайди, қизларнинг қадди-қомати чиройли бўлиб вояга етиши, соғлом оналарни тайёрлаш, миллат генофондини соғломлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мактаб, олий ва ўрта махсус билим юртларининг жисмоний тарбия фани ўқув дастурига киритилган Енгил атлетика машғулоти эса таянч-ҳаракатланиш аппаратига, нафас олиш ва юрак-томир тизимининг фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.
«Таэквандо» сўзи – ҳақиқатни излаш ёки ҳақиқатгўй бўл деб таржима қилинишидан келиб чиқсак, «ўзингни ўрган ва сен борлиқни ҳис қиласан» фалсафасини таэквандо ўргатади.
Йилдан йилга оммавийлашиб бораётган аёллар футболи организмнинг ҳамма тўқима ва аъзолари фаолиятига ижобий таъсир кўрсатади.
Спорт гимнастикаси машғулотлари билан шуғулланиш жараёнида эса одам бажариши мумкин бўлган ҳамма ҳаракатларнинг сифати, ҳаракатланиш мувозанати, айниқса, вестибуляр аппаратнинг функцияси такомиллашади.
Бир сўз билан айтганда барча спорт турлари ўзига хослиги ва фойдали хусусиятлари билан бир-биридан кам эмас. Ўзбекистонда ҳам ушбу спорт турлари билан шуғулланадиган аёллар кўпку, деб номларини санаб беришингиз ҳам мумкин. Аммо, уларнинг 60-70% русийзабон ўзбекистонликлар бўлиб чиқади. Бу муаммонинг иккинчи кўриниши. Халқ орасида «рустабиат» деб аталувчи оилалар ўз фарзандини, хоҳ у қиз бўлсин, хоҳ ўғил – болалигидан спорт тўгаракларига қўяди. Чунки, уларда ўртача битта ёки иккита фарзанд бўлади. Бу орқали улар оилада фарзанд кам бўлса, у билан шуғулланиш, уни ҳар томонлама баркамол қилиб ўстиришга имкон бўлади, деган пиринсипга амал қилади. Ўзбек хонадонларида эса фарзандлар энг бошидан меҳнат қилишга ўргатилади ва бу жисмоний соғлом бўлиш учун етарли деб ҳисоблашади. Мен миллатимни севаман, аммо унинг камчиликларига кўз юмолмайман, деганларидек, бу борада халқимизнинг фикрлаш тарзи халиям тор доирада эканлигини таъкидлаган бўлардим. «Бола ризқи билан туғилади» деган нақл қон-қонимизга сингиб кетганидан, Ўзбекистонда туғилишлар сони камайиш ўрнига йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Лекин, ризқ бу фақат нон ва чой ичишдан иборат эмаску? Қачонгача кенжа болалар ака-опаларининг кийимини кийиб катта бўлади? Болани ҳар томонлама таъминлашга қурби етишига кўзи етган ота-онагина 8 та фарзанд кўрса арзийди. Бутун дунё «камфарзандлилик – соғлом жамият қуриш кафолати» тамойилига ўтиб бўлаётган бир пайтда, биз бу ҳаракат «болажон халқ» имижига путур етади дея хато фикрлашда давом этмоқдамиз.
Муаммонинг учинчи кўриниши. Кўпчилик спорт билан шуғулланишига вақти йўқлигини баҳона қилади. Аслида эса ҳаммада вақт топилади. Лекин ўша вақтни аксарият ўзбеклар тўй маросимлари ва бошқа юмушлар учун пул йиғиш, бойлик тўплаш, ортиқча зебу-зийнатларга бурканиш, чойхонама-чойхона юришга сарфлайди. Бунинг натижасида жисмоний ва фаол ҳаракатлар билан шуғулланишни унутиб қўйган ёки умуман билмайдиган аёллар кўпаймоқда. Буни ҳар учта аёлнинг иккитаси гавдасини аранг кўтариб юрганидан ҳам сезиш қийин эмас. «Зато», бўйинда тиллагардон. Спорт ҳақида эса саломатлиги буткул путур етиб, охирги нуқтада йиқилиб қолгандан кейингина ўйлай бошлашади.
Бешинчидан, ўзбек қизлари, «жисмоний тарбия ” дарслари, тўгарак машғулотлари ҳамда спорт мусобақаларида зўрма зўраки шуғулланадилар, яъни «Қониқарли» баҳо олиш учунгина қатнашадилар. Буларнинг сабабларидан бири ота-оналарнинг тазйиқи ва вояга етган қизларнинг спорт кийимларида ўғил болалар олдида шуғулланишга уялишидир.
Бир томондан ота-оналар ҳам ҳақ. Бадиий гимнастика, енгил атлетика, аэробика, теннис каби спорт турларининг махсус либослари ҳаддан ташқари очиқ. Бу ўзбек менталитетидаги кийиниш одобига зид. Жаҳон талаби шундай экан деб ҳамма нарсани кўр-кўрона қабул қилиш қанчалик тўғри? Ҳеч бўлмаганда хотин-қизлар спорт кийимларини ўзимизга мослаштириб олса бўладику?!
Масалан, Япония, Корея, Хитой каби шарқ мамлакатлари спортчи аёллари либосига эътибор бериб кўринг, уларнинг бари ёпиқ услубда тикилган.
Лекин, нега шундай оддий элементларга ўзимизнинг соҳа мутасаддилари эътибор қаратмайди? Ким бу ҳақда бош қотириши керак?
Четдан палон сўмга қиммат спорт кийим-кечаклари харид қилгандан кўра, ўзимизнинг тадбиркорлар, дизайнерлар салгина бош қотириб менталитетимизга мос бежирим либослар ишлаб чиқарса спортнинг ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатган бўлмасмиди? Модомики, хорижлик «пиар»чилар спорт кийими деганда барча «Адидас» ни тасаввур қилишига эришган экан, бу натижани ўзбек пиарчилари ҳам уддалай олади. Бунинг учун яхши ғоя керак холос.
Майли, барча спорт турларининг либосига ўзгартириш киритила олмасмиз. Масалан, сузиш спортининг. Бироқ, сузиш борасида аёлларга ҳам имконият яратиб бериш мумкин. Яъни сузиш ҳавзасидан ҳамма аралаш фойдаланмасдан, ҳафтанинг тоқ кунлари эркаклар, жуфт кунлари аёллар шуғулланиш кунларига ажратиш керак. Шунда аёллар беҳижолат ўз қизчалари, дугоналари билан биргаликда сузаверишлари мумкин бўлади.
Юқоридаги фикрлардан шундай хулоса ясаш мумкинки, халқнинг фикрлаш тарзи ўзгариб, хотин-қизларнинг спорт билан шуғулланишига кенг йўл очилмас экан, келажак авлодни спортга жалб этиш самарадорлиги нисбатан паст бўлади. Чунки, «Олма тагига беҳи тушмаганидек», қачонки, ота қатори она ҳам спорт билан шуғулланса, фарзандида бу борадаги қобилият шаклланиб боради. Чемпионлар етиштиришнинг сири мана шунда. Эътибор бериб қарасангиз, мана-ман деган жаҳон чемпионлари ортида уларни шу соҳага қизиқтирган спортчи ота-оналар турганига гувоҳ бўласиз.
ЎзА