Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нега мактабларда ўтказилаётган Давомат рейдлари кутилган натижа бермаяпти?
18:27 / 2020-01-30

Видеоселекторда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 9121 та фуқаролар йиғини фаолият кўрсатмоқда.


Маҳаллаларда жиноятчиликнинг илдизини қуритиш нималарга кўпроқ боғлиқ? Нима сабабдан мактабларда ўтказилаётган "Давомат" рейдлари кутилган натижани бермаяпти? Ёшлар билан ишлашни самарали йўлга қўйиш, уларнинг меҳнат бандлигини таъминлашда, қалтис йўллардан огоҳ этишда қандай амалий ечимларни изламоқ зарур?

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган видеоселекторда маҳаллаларда мавжуд бўлган бу каби долзарб масалалар батафсил ва мукаммал таҳлил этилди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалардан бири бўлган "Обод маҳалла – хавфсиз маҳалла" мезонини маҳалла раиси ва профилактика инспектори ҳамкорлигида амалиётга татбиқ этишга оид ушбу йиғилишда Республика маҳаллалар кенгаши ҳамда Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари, масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, мамлакатимизнинг барча жойларидаги мазкур соҳага дахлдор бўлган мутасаддилар иштирок этди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раиси Раҳмат Маматов, Ўзбекистон Республиаси ички ишлар вазирининг ўринбосари Азизбек Икромов ва бошқалар давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида маҳалла тизимига доир кўтарилган масалалар барча фуқаролар йиғинлари фаоллари зиммасига катта мсъулият юклашини таъкидлади.

Йиғилишда "Обод маҳалла – хавфсиз, тинч маҳалла" номли янги концепция асосида мутлақо янгича тизимни яратиш ва амалга ошириш, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни юқори босқичга олиб чиқиш, аҳоли ўртасида "Ўз уйингни, ўз болангни ўзинг асра" шиорининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш каби долзарб масалалар бўйича зарур чоралар белгилаб олинди.

Видеоселекторда таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда 9121 та фуқаролар йиғини фаолият кўрсатмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан "Хавфсиз ҳудуд", "Хавфсиз шаҳар", "Хавфсиз маҳалла" каби концепцияларни ижтимоий ҳаётга босқичма-босқич жорий этиш, "Жиноят ҳақиқати ва адолати" тизимини татбиқ этиш, аҳоли, энг аввало ёшлар онгида "Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак", деган тушунчани мустаҳкамлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур комплекс чора-тадбирлар натижасида 2019 йилда 3074 та маҳаллада умуман жиноят содир этилишига йўл қўйилмади. 2856 та маҳаллада эса жиноятчилик ҳолатлари камайишига эришилди.

Тадбирда маҳаллаларни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш йўлида зарур ишларни амалга ошириш, коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламларини кенг жалб этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

– Республика маҳаллалар кенгаши ва Ички ишлар вазирлиги ҳамкорлигида ҳудудлар учун қўшма кўрсатма тайёрланди, – деди Республика маҳаллалар кенгаши бўлим бошлиғи Саодат Боймирзаева. –Бундан кўзланган асосий мақсад маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш, "Обод маҳалла", "Хавфсиз маҳалла" концепцияларини ҳаётга кенг жорий этишдан иборатдир. Жойларда маҳалла раислари ва профилактика инспекторларининг кундалик ҳамкорлигини манзилли ва аниқ мақсадли тарзда тобора кенгроқ йўлга қўйишга эндиликда алоҳида эътибор қаратилади. Маълумки, 2017 йилдан бошлаб ҳафтанинг ҳар пайшанба кунлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни ҳисобланади ва жойларда мазкур йўналишдаги ишлар шу куни амалга оширилади. Жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича муайян кунларда эмас, ҳар куни ишлаш кераклигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда.

– Жиноятчилик содир этилишидан кўра унинг олдини олиш бўйича маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторларининг ҳамкорлигини кучайтириш кутилган ижобий натижаларга олиб келиши, шубҳасиз, –деди Ички ишлар вазирлигининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси, жамоат ташкилотлари билан ишлаш бўлими бошлиғи, полковник Исмоил Ҳимматов. – Бунда профилактика инспекторлари маҳалла раислари билан биргаликда эрта тонгданоқ иш бошлаши, ўз режаларида нотинч оилалар, фарзанд тарбиясига етарлича эътибор қаратмаётган хонадонлар билан тизимли ишлашда биргаликда ҳаракат қилиши кўзда тутилган. Маҳаллада истиқомат этаётган нуронийлар, катта ҳаёт тажрибасига эга бўлган отахон ва онахонларни бундай масъулиятли юмушга кенг жалб этиш муҳимдир.

Ошкора, самимий руҳда ўтказилган видеоселекторда маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш ва ёшлар таълим-тарбиясида ушбу ноёб тузилманинг ролини ошириш юзасидан вазифалар белгиланди.