Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нега айнан ширин ва газли ичимликларга талаб юқори?
12:23 / 2025-03-18

Ўзбекистонда энг кўп сотиб олинадиган маҳсулотлардан бири газланган ва газланмаган ичимликлардир. Бу маҳсулот соғлиқ учун жуда зарарли экани олимлар томонидан исботлаб берилган бўлса-да, аммо талаб камаймаяпти.

Дунёнинг кўплаб давлатларида ширин ичимликлар истеъмолини камайтиришга қаратилган турли чоралар жорий этилган. Ўзбекистонда айни мақсадда таркибида шакар ёки бошқа ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар бўлган, газланган ҳамда истеъмол қадоғига қадоқланган ичимликларнинг 1 литри учун 500 сўм акциз солиғи жорий этилган. 

Хўш, мамлакатимизда газланган ва ширин ичимликлар истеъмолини камайтириш борасида кўрилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлиги қандай?

– Шакарга бой газли ва газланмаган ичимликлар ва озиқ-овқатлар одамлар, айниқса болалар, ўсмирлар ва ёшлар рационида ортиқча калорияларнинг асосий манбаи бўлиши мумкин, – дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси Шуҳрат Шукуров. – Шакарли ичимликларни кўп истеъмол қиладиган болаларда уни кам истеъмол қиладиган болаларга нисбатан ортиқча вазн ёки семириш эҳтимоли юқорироқ бўлиши кузатилган.

Жаҳон амалиётига кўра, аҳоли, айниқса болалар ва ўсмирлар орасида ширин ичимликларни камайтиришнинг энг самарали усулларидан бири бундай маҳсулотларнинг акциз солиғиги тортилиши ҳисобланади. Мамлакатимизда 2024 йил 1 апрелдан бошлаб бундай амалиёт қадоқланган шакар ёки ширинлаштирувчи ёки хушбўйлаштирувчи моддалар бўлган газланган ичимликларга  (1 литри учун 500 сўм) жорий этилган. 2025 йил 1 апрелдан бошлаб эса нафақат газланган, балки газланмаган ширин ичимликларнинг 1 литри учун 500 сўм миқдорида акциз солиғи жорий этилади.

Ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, айни вақтда газланмаган ширин ичимликларнинг чакана нархидаги акциз солиғи улуши ўртача 3 - 5,5 фоизни ташкил этмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, бу кўрсаткич камида 20 фоизни ташкил этсагина, кўзланган мақсадга, яъни аҳоли, айниқса болалар ва ўсмирлар орасида бу каби зарари катта маҳсулотлар истеъмолини камайтириш ва бюджет тушумининг кўпайишига эришиш мумкин. Демак, келгуси қисқа давр ичида акциз солиғи камида тўрт баробарга оширилсагина болалар ва ўсмирларнинг бу маҳсулотларни харид қилиш имконияти камаяди. 

Илгари, ширин ичимликларнинг зарари фақат шакар билан боғлиқ деб ҳисобланар эди. Ҳозирги кунда илмий тадқиқотлар нафақат шакарли ичимликлар, балки ширинлантирувчи ва шакар ўрнини босувчи моддалар қўшилган ичимликлар ҳам саломатликка салбий таъсир кўрсатишини исботлаб берган.

Афсуски, Ўзбекистонда ҳам болалар, ҳам катталар орасида ортиқча вазн ва семизлик тез суръатлар билан ўсиб бормоқда. Охирги 30 йил ичида 5-9 ёшли болалар орасида семириш 2,6 баробар, 10-19 ёшли ўсмирлар орасида эса 3,3 баробар ошган. 

Нега айнан ширин ва газли ичимликларга талаб катта? Чунки, бу каби ичимликларнинг рекламасига миллиардлаб маблағлар сарфланади, дунё бўйича савдони ривожлантириш учун катта бюджетли акциялар, тарғибот ҳаракатлари олиб борилади.  Бу ҳаракатлар албатта ўз натижасини кўрсатади.

Энг аввало аҳолининг кундалик истеъмолидаги газланган ва газланмаган ширин ичимликлар ҳиссасини камайтириш зарур. Соғлом овқатланиш кўникмаларини ҳосил қилиш учун эса солиқ чоралари билан биргаликда бошқа чораларни (реклама ва сотувни рағбатлантиришни чеклаш, рангли маркировка, аҳолини соғлом овқатланиш бўйича хабардорлигини ошириш ва бошқалар) ҳам жорий этиш лозим. 

Газланган ширин ичимликлар билан биргаликда газланмаган ширин ичимликларга ҳам бирдай акциз солиғини жорий этиш мақсадга мувофиқдир. Чунки истеъмолчилар арзонроқ газланмаган ширин ичимликларни танлаши мумкин. Бундай амалиёт жаҳон тажрибасига тўлиқ мос келади. 

Муҳайё Тошқораева,

ЎзА