Жума куни Дональд Трамп ва Владимир Путин Аляскада юзма-юз учрашиши кутилмоқда. Бу тарихий музокара учун Аляска танлангани бежиз эмас, чунки ушбу штат АҚШ – Россия муносабатида ўзига хос ўрин тутади. Euronews ёзишича, азалдан халқаро учрашувлар майдони бўлиб келган Аляскада, масалан, 1984 йил Президент Рональд Рейган Рим папаси Иоанн Павел II, 1971 йил Ричард Никсон Япония императори Хирохито билан мулоқот қилган.
<iframe width="1326" height="746" src="https://www.youtube.com/embed/JeasTHFymGc" title="Nega aynan Alyaska?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Жорий ҳафта бошида Оқ уйда сўзлаган нутқида Трамп “Россияга йўл олиши”ни маълум қилди. Зеро, шубҳасиз, рамзий нуқта сифатида танланган Аляска бир замонлар Россия империясига қарашли эди ва 1867 йил Қўшма Штатлар томонидан 7,2 миллион долларга сотиб олинган. Бу ҳозирги қийматда тахминан 156 миллион долларни ташкил этади.
Аляскани денгиз орқали биринчи бор 1648 йил Семён Дежнёв раҳбарлигидаги рус сайёҳлари кўрган. XVIII аср ўрталарига келиб, рус саноатчилари ҳудудда денгиз ҳайвонлари мўйнасини йиғиш билан шуғулланган. 1799 йил Россия ва Американинг бир неча хусусий компанияси бирлашиб, айнан шу ерда савдо фаолиятини йўлга қўйган. 1850-йилларга келиб, денгиз қундузлари кескин камайиб кетади ва бу тижорат аҳамиятини йўқотади. Рус империяси Аляскани сақлаши ва ривожлантириши учун ҳудудда одам сони етарли эмас эди. АҚШга сотилган вақт ҳудудда атиги икки ярим мингга яқин рус яшаган. 80 га яқин аҳоли манзилида ҳозиргача рус православ черкови сақланиб қолган, кўпчилик рус тилида гаплашади.
Аляска ва Россияни бор йўғи 88 километр масофа ажратиб туради. Беринг бўғозидаги икки давлат ороллари орасидаги масофа эса бир неча километрни ташкил этади. Бугунги кунда АҚШ ҳарбий стратегиясида муҳим нуқта ҳисобланадиган айни штатда қирувчи самолётлар, NORAD Америка ҳаво ва ракетага қарши мудофаа тизими, радио электронразведка марказлари жойлашган.
Шунингдек, Аляска “Арктика дарвозаси” сифатида кўрилади. Беринг бўғози – Тинч океани билан Шимолий Муз океани ўртасидаги ягона тўғридан-тўғри денгиз йўли бўлиб қолмоқда.
Кенжа Бекжонов, Анвархўжа Аҳмедов, ЎзА