Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нефтни қайта ишлаш бўйича эришилаётган ютуқлар омили – иқтисодий ислоҳотларда
15:29 / 2021-09-17

Фармон ва ижро

Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида углеводород хомашёсини қайта ишлаш ва истеъмолчиларни нефть маҳсулотлари билан таъминлаш борасида катта тажрибага эга йирик корхона ҳисобланади.

Ана шундай тўпланган тажриба туфайли “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи” Марказий Осиёдаги ёқилғи ва мой йўналишидаги энг йирик нефтни қайта ишлаш заводига айланишига имкон берди.

Кейинги йилларда мамлакатимизда олиб борилган ислоҳотлар нефть-газ саноатини ривожлантириш борасида дадил қадамлар бошланди. Айниқса, тизим фаолиятини такомиллаштиришда хорижий инвестицияларни жалб қилишга қаратилган чора-тадбирлар том маънода ўзининг натижасини кўрсатмоқда.

Биз бундай натижаларни "Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи" (ФНҚИЗ) мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 февралдаги “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини модернизация ва реконструкция қилиш тўғрисида” ги 67-сонли қарорининг ижроси муҳим аҳамият касб этади. Ушбу қарор билан ФНҚИЗ “Жиззах Петролеум” МЧЖ қўшма корхонаси ишончли бошқарувига ўтказилгани корхона фаолиятида улкан ютуқларга эришиш даврини бошлаб берди.

Умумий қиймати 389,3 миллион доллар миқдорида баҳоланган инвестиция лойиҳасига кўра, заводда қайта қуриш ва модернизация ишлари 3 йил давом этади. Натижада эса ФНҚИЗ “Euro-5” экологик стандартидаги “AI-92” ва ундан юқори октанли бензин ҳамда дизель ёқилғисини ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлади, бундан ташқари ишлаб чиқарилаётган сурков мойлари сифати API халқаро стандарти бўйича II+/III гуруҳ даражасига оширилади. Заводнинг келажакдаги конфигурацияси таркибига гидрокрекинг комплекси, шу жумладан, модернизация қилинган ёқилғи ва мой агрегатлари ташкил этади. Бу эса нефтни қайта ишлаш жараёнининг чуқурлик даражасини камида 93 фоизгача оширади, энергия сарфини оптималлаштиришга ва юқори қўшилган қийматга эга бўлган нефть маҳсулотларининг ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилади. Авиация ва дизель ёқилғиси, шунингдек, асосий ва тижорат мойларини ишлаб чиқариш миқдори ортади. 2023 йилга келиб эса завод қувватидан фойдаланиш даражаси 2 миллион тоннага етади. Лойиҳа доирасида шу кунга қадар 15,4 миллион доллардан зиёд маблағ ўзлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллигини нишонлаш арафасида заводни модернизация қилиш ишлари якунини кутмасдан, янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш бўйича ФНҚИЗ юқори сифатли Евро-5 стандартига мувофиқ дизель ёқилғиси ҳамда АИ-95 русумли бензини ишлаб чиқаришни йўлга қўйгани қувонарлидир. Хозирда заводда илк бора АИ-98 русумли бензин ишлаб чиқариш борасида илмий тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда.

API стандарти асосида I-гуруҳга мансуб янги турдаги мой маҳсулотлари ишлаб чиқариш дастурига асосан ишлаб чиқарилган мотор, гидравлика ва трансмиссион мойлари намуналари истеъмолчилар томонидан саноат шароитида синовлардан ўтказилди, олинган ижобий хулосаларга кўра яқин кунларда янги мойларнинг серияли ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади.

Президент фармон ва қарорлари ижроси – амалда

Қисқа муддатда заводда мавжуд ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳамда замонавий рақамли технологияларнинг жорий этилиши ўз натижасини бермоқда. Жумладан, заводнинг иқтисодий имконияти яхшиланиб, жамоанинг меҳнатга бўлган ишончи янада ортиб бормоқда.

ФНҚИЗ директорининг ўринбосари Далер Қодиров корхонадаги ўзгаришлар ва унинг амалий самараси ҳақида қуйидагиларни гапириб берди.

– Очиғини айтганда, фаолиятимизнинг илк кунидан бошлаб, ушбу заводда эришилган ютуқ ва камчиликларни жамоа билан биргаликда таҳлил қилишдан бошладик, – деди Д.Қодиров. – Бу ерда катта жамоа ишлайди ва уларнинг аксарияти сулола вакилларидир. Улар соҳадаги муаммолар ечимини ҳам яхши билади. Шу сабабли, биз ҳамфикр бўлиб, завод фаолиятини ва иқтисодий имкониятларини яхшилашга бел боғладик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан “ФНҚИЗ” масъулияти чекланган жамиятини молиявий соғломлаштириш, маҳсулот таннархини камайтириш ва харажатларни қисқартириш чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Чора-тадбирлар корхонанинг деярли барча бўлинмаларида харажатларни оптималлаштириш назарда тутилган. Ҳозирги кунда инновацион фаолиятни ривожлантириш бўлими томонидан ушбу тадбирларнинг бажарилиши мониторинги олиб борилмоқда. Жорий йилнинг 7 ойи мобайнида харажатларнинг камайиши 140 миллиард сўм ёки 15 фоизни ташкил этди. Шу жумладан, энергия сарфини тежаш 9,9 миллиард сўмга ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9 фоизни ташкил этди. 2021 йилнинг якунига харажатларни ўтган йилга нисбатан 10 фоизга камайтириш кўзда тутилган. Жорий йилнинг 7 ойи мобайнида 1 тонна хомашёни қайта ишлаш харажатлари, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 19,6 фоизга камайган бўлса, йил охирига қадар 1 тонна хомашёни қайта ишлаш харажатлари ўтган йилга нисбатан 27,8 фоизга камайтирилишига эришамиз.

Президентимизнинг 2020 йил 24 февралдаги “Молиявий ҳисоботнинг халқаро стандартларига ўтиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, корхонада 1-С Бухгалтерия такомиллаштирилган ахборот тизимидан фойдаланилмоқда. Айни чоғда SAP 4HANA асосида корхонани бошқариш учун мураккаб ахборот тизими лойиҳаси амалиётга татбиқ этилмоқда. Шу билан бирга, бу жараёнда 20 нафар бухгалтерлар халқаро стандартлар асосида молиявий ҳисобот тайёрлаш бўйича малака оширмоқда. Йил якунида уларнинг сони 40 нафарга етади. Бундан кўзланган мақсад эса жорий йил ҳисоботларини шакллантириш халқаро молиявий стандартлар бўйича амалга оширишдир.

Бундан ташқари, халқаро компаниялар иштирокида ишлаб чиқариш жараёнларини режалаштиришни оптималлаштириш мақсадида замонавий дастурлар амалиётга татбиқ этилмоқда.  

ФНҚИЗ фаолиятининг самарадорлигини оширишга қаратилган юқоридаги ва бошқа устувор масалаларнинг барчаси корхона директори ҳузурида тузилган Кенгашнинг кун тартибига киритилган ва доимий назоратга олинган.

Иқтисодий кўрсаткичлар – корхона фаолияти учун муҳим

Таъкидлаш керакки, бугунги ФНҚИЗ фаолиятининг самарадорлиги устувор вазифалар билан боғлиқ. Мазкур масалалар ижроси хам айтиб ўтилганидек, корхона директори ҳузурида тузилган кенгашнинг доимий назоратида.

Айни шу талаблардан келиб чиқиб, жорий йилда заводнинг иқтисодий кўрсаткичлари сезиларли даражада ошди. Масалан, жорий йилнинг 7 ойи мобайнида 584,9 минг тонна хомашё қайта ишланиб, 2 474,8 миллиард сўмлик таққослама нархларда товар маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 116,1 фоиз. Бу эса 342,2 миллиард сўм деганидир.

[gallery-3931]

Режаларга кўра, жорий йил якунига қадар 1 224,5 минг тонна хомашёни қайта ишлаш ва 4 243,5 миллиард сўмлик таққослама нархларда маҳсулот ишлаб чиқариш кутилмоқда. Бунда ўтган йилга нисбатан ўсиш суръати 125,1 фоизни ташкил этади.

Шунингдек, заводимизда ишлаб чиқарилаётган 60 турдан зиёд нефть маҳсулотларини ўз вақтида истеъмолчиларга сотиш ва етказиб бериш бўйича замонавий рақамли технологияларнинг жорий этилиши ўз самарасини бермоқда. Ҳозирги кунда истеъмолчиларга яратилган қулайликлар, яъни рақамли технологиялардан фойдаланиш натижасида истеъмолчиларга ўз транспортларида нефть маҳсулотларини ташишлари учун ҳужжатларни электрон тарзда расмийлаштириш имконияти мавжуд. Жумладан, жорий йилнинг шу даврини олсак, жами истеъмолчиларга 525,6 минг тонна нефть маҳсулотлари юклаб берилган. Бу 1 838,6 миллиард сўмлик маҳсулотни ташкил этиб, ўтган 2020 йилга нисбатан 115,4 фоиздир. Бундан ташқари, қўшни давлатлар корхоналари заводимиздаги ишлаб чиқарилаётган нефть маҳсулотларини сотиб олиши бўйича ўз таклифларини билдирганликларини инобатга олиб, завод томонидан экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида 2021 йил апрель ойида ФНҚИЗда Тожикистон Республикасининг нуфузли корхоналари билан учрашув бўлиб ўтди. Жумладан, қўшни давлатдан “Таджик-Петролиум” МЧЖ ва “Норд Азия Металл” компаниясининг раҳбарлари билан нефть маҳсулотларини сотиб олишлари бўйича самарали келишувлар бўлди.

Кадрларга мотивация бериш йўлида

Айтиш жоизки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат ишлаб чиқаришни ошириш, балки тизимлар фаолиятини тубдан такомиллаштириш масаласини ҳал этмоқда.

Гарчи, завод 60 йилдан ортиқ фаолият кўрсатган бўлса-да, корхонанинг ташкилий тузилмаси, кадрлар захирасини яратиш борасида бирон бир самарали ўзгаришлар қилинмаган эди. Бугунги талаб-таклифдан келиб чиқиб, завод раҳбарияти нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўрсаткичини яхшилаш билан бир қаторда, корхонанинг ташкилий тузилмасини яратишга ҳам катта эътибор қаратмоқда. Ўз навбатида, бу ишлар баробарида ишчи-ходимларга ҳар томонлама кўмак бериш, уларга қулайликлар яратиш, моддий-маънавий қўллаш, энг муҳими, жамоа меҳнатини кенг жамоатчиликка кўрсата олиш борасида қатор ишлар қилинмоқда.

– ФНҚИЗда 2020 йилдан буён корхона фаолиятини такомиллаштириш ва ривожлантириш, янги технологияларни жорий этиш ва самарадорлигини ошириш йўлида кўплаб ишлар амалга ошириб келинмоқда, – деди Д.Қодиров. – Юқоридаги натижаларга эришиш учун асосий ишлардан бири бу корхонанинг ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш, унда замонавий талабларга мос ҳамда иш жараёнини осонлаштириш, ишлаб чиқарувчи цех ва қурилмаларда бир-бирини такрорламаслигини йўлга қўйиш, қолаверса, корхонамизга турдош бўлган бошқа корхоналар ташкилий тузилмаларини ўрганган ҳолда аудиторлик компаниялари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилди ва 2020 йилнинг ноябрь ойида тасдиқланди. Бугунги кунда корхона янги жорий этилган ташкилий тузилмага асосан фаолият олиб бормоқда ва ташкилий тузилманинг такомиллаштиришдан кўзланган мақсад ижобий натижаларини кўрсатиб келмоқда. Заводда авваллари биринчи раҳбарлар лавозимига ўз йўналиши бўйича йил бошида кадрлар захираси яратилган. 2020 йилнинг учинчи чорагидан бошлаб, корхона ходимларини мотивация қилиш ва ўз касбини мукаммал ўрганишга ундаш ва профессионал мутахассис яратиш мақсадида корхонада мавжуд бўлган нафақат биринчи раҳбарлар лавозимига, балки барча раҳбарлик ва мутахассислик лавозимларига кадрлар захирасини яратиш жорий этилди. Бу билан корхонада 50 фоиз муҳандис-техник ходимларни қамраб олиниб, ҳар бир мутахассис эътибордан четда қолмаслиги белгиланган.

Корхонада 2021 йил – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилида белгиланган устувор вазифалар ижроси бўйича ҳам бир қатор ишлар бажарилди. Жумладан, ёш кадрлар захираси яратилиб, ўтказилган суҳбатлар асосида улардан айримлари раҳбарлик лавозимларига тайинланди. Заводда мутахассислар анчадан буён аттестациядан ўтказилмаган эди. Ишчи-ходимлар салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш мақсадида 936 нафар муҳандис, техник ходимлар аттестациядан ўтказилди. Бу эса уларнинг ўз имкониятларини синаб кўришда яна бир фойдали қадам бўлди.  

Корхона жамоаси ижтимоий ҳимояни қўллаб-қувватлайди

Бугунги кунда корхона томонидан хайрли ва эзгу ишларни амалга ошириш анъанага айланмоқда. Хусусан, корхона маъмурияти, касаба уюшма қўмитаси томонидан 2020-2021 йилларда Наврўз, Мустақиллик, Конституция куни, Рўза ва Қурбон ҳайитлари умумхалқ байрамлари ҳамда халқаро ногиронлар куни муносабати билан Марғилон шаҳар “Меҳрибонлик” болалар уйи, Фарғона шаҳар “Мурувват” ногирон болалар уйи ҳамда “Саховат” қариялар уйи ҳамда ногиронлар жамиятига 72,7 миллион сўм миқдорида хайрия ёрдамлари кўрсатилди.

– Хайрия ёрдамларида озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиеник тўпламлар, маиший техника жиҳозлари каби маҳсулотлар тақдим этилди, – деди Д.Қодиров – Жумладан, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларни байрам билан табриклаш, ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида корхона ҳудуди атрофидаги “Киргули”, “Совурбулоқ”, “Ҳамкорлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 35 нафар оилалар ҳолидан хабар олиниб, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Рамазон ҳайити умумхалқ байрами муносабати билан эҳтиёжманд оилаларга ғамхўрликни янада кучайтириш, уларга ёрдам кўрсатиш ва фарзандларини тарбиялашда ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жамиятимизда эзгулик, саховат, меҳр-оқибат каби фазилатларни қарор топтиришдаги миллий қадриятларни аҳамиятини инобатга олиб 2021 йил 14 май куни корхонада меҳнат қилаётган кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларнинг 20 нафар фарзандига хатна тўйлари ўтказилди. 1380 нафар корхона ходимига маиший техника жиҳозлари учун жами 3 миллиард 682 миллион сўмлик фоизсиз ссуда ажратилди.

Корхона жамоаси мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллигини ўзига хос ва тантанали руҳда кутиб олди. “Оилам – бахтим менинг, корхонам – фахрим менинг, Ўзбекистон – Ватаним менинг” номли байрам-тўй тадбирини ўтказиш ва хайрия ёрдамларини кўрсатиш учун корхона маъмурияти ва касаба уюшмаси қўмитаси ҳисобидан 200 миллион сўм маблағ ажратилди. Фахрийлар кенгаши ҳисобида турувчи пенсионерларнинг эҳтиёжлари учун уларга 1 та ногиронлик аравачаси, 5 та эшитиш мосламаси олиб берилиши каби хайрли ишлар шулар жумласидандир.

Фахрий ишчилар тажрибасидан фойдаланиш йўлга қўйилди

Корхона жамоаси ишлаб чиқаришни талаб даражасида ташкил этиш учун барча чораларни кўрмоқда. Бунда барча янгиликларни қўллаш баробарида заводда ишлаб нафақага чиққан тажрибали мутахассислар маслаҳати ва таклифидан фойдаланиш ҳам амалиёт учун зарурдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармони, қарори ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида корхона раҳбарияти томонидан “Фахрийлар кенгаши” ташкил этилди ва низоми ишлаб чиқилди.

– Бугунги кунда корхонада кўп йиллардан буён ишлаб нафақага чиққан 2 минг 850 нафар собиқ ходимни Фахрийлар кенгаши аъзолигига қабул қилинган. Биринчидан, бундай янгилик замирида кекса ёшдаги нуронийларни корхона томонидан қўллаб-қувватлаш тизими самарадорлигини янада ошириш ва уларнинг жамоанинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўла ҳуқуқли иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўлса, иккинчидан катта авлоднинг жамият, оилалар ва маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, шунингдек, ёш авлодни халқимизнинг кўп асрлик анъаналарини ҳурмат қилиш руҳида тарбиялашдаги ролини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шунингдек, “ФНҚИЗ” МЧЖ Фахрийлар кенгаши ҳақидаги низомнинг 5-бандида Фахрийлар ташкилоти аъзоларига жамоа шартномасига асосан берилаётган барча ёрдам ва имтиёзлар корхонанинг молиявий имкониятларидан келиб чиқиб амалга оширилиши белгилаб қўйилди.

Мухтасар айтганда, ўтган йили корхонада амалга оширилаётган инвестиция лойиҳасининг биринчи босқичи якунланган эди. Шу муносабат билан катта тадбир ташкил этилиб, бир гуруҳ журналистлар ана шу қувончли жараён шоҳиди бўлган эдик.

Мана, орадан бир йил ўтди. Биз яна "Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи"да эришилган ютуқлар билан танишдик. Бизнинг эътиборимизни тортган жиҳат шуки, заводнинг кираверишида жуда катта нефтни қайта ишлаб чиқариш бўйича рамзий макет ўрнатилибди. Кўркам ва замонавий ушбу макетда заводнинг бутун қиёфаси мужассам этганга ўхшайди. Кундалик янгиликлардан хабардор этувчи автоматлаштирилган электрон ойна корхонадаги ўзгаришлардан биридир.

Заводга киравериш чоғида ишчи-ходимлар кайфиятига зимдан назар солдик. Аслида, ишга бўлган муносабати ва раҳбариятга бўлган ишончини уларнинг нигоҳидан сезиб олиш қийин эмас. Муҳими, биз буни уддаладик.  

 

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА