“Нефтчи” Тожикистон жамоасига имкон қолдирмади
Фарғонанинг “Нефтчи” футбол клуби "Истиқлол" стадионида навбатдаги халқаро ўртоқлик учрашувида Тожикистоннинг "Хўжанд" жамоасини қабул қилди.
Унда “Нефтчи” жамоаси бош мураббийи Виталий Левченко ҳар иккала бўлимда икки ҳил таркибни майдонга туширди. Учрашувнинг биринчи бўлимида ҳар икки жамоа аъзолари бир нечта қулай вазиятни яратган бўлсада, дарвозага йўл топа олмади.
Иккинчи бўлимнинг 46-дақиқасида чап қанотдан қарши ҳужумга юқори тезликда кириб борган Иззатилла Абдуллаев тожикистонлик ҳимоячини чиройли услубда алдаб ўтиб, аниқ зарба йўллади ва ҳисобни очди - 1:0.
Учрашувнинг охирги дақиқаларига қадар ҳар икки жамоа аъзолари кетма-кет қарши ҳужумлар уюштирган бўлсада, ҳисоб ўзгармади ва якунда “Нефтчи” ғалаба қозонди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА мухбири