Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Нефтчи” карвонбоши бўлиши мумкин эди, аммо...
09:42 / 2023-08-12

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигасида 16-тур ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Куни кеча Фарғонада ушбу тур доирасида “Нефтчи” Жиззахнинг “Сўғдиёна” клубини қабул қилди.

Наманганда 10 август куни мамлакат чемпионатида карвонбоши бўлиб келаётган “Навбаҳор” Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасини қабул қилиб, 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди ва турнир жадвалидаги пешқадамликни пойтахт клубига бўшатиб берди.  

“Нефтчи”дан ўз майдонида “Сўғдиёна”ни мағлубиятга учратиш ва бир йўла, “Навбаҳор”ни ҳам, “Пахтакор”ни ҳам очколар ҳисобида қувиб ўтиб, чемпионат пешқадамига айланиши талаб этилаётган эди. Аммо, футбол ибораси билан айтганда, майдон текис, тўп юмалоқ, ҳамиша ҳам истаклар хоҳишлар билан тўғри келавермайди, фарғоналиклар бу имкониятдан фойдалана олмади.  

Ўйиннинг илк дақиқаларидан ҳужумга ташланган водийлик футболчилар жиззахликлар дарвозасини ишғол этишни ҳам уддасидан чиқди, аммо вазият ўйиндан ташқари ҳолатда рўй бергани сабаб, VAR аралашиб, майдон эгалари томонидан ўйиндан ташқари ҳолатда киритилган гол инобатга олинмади.

Учрашувнинг иккинчи бўлимида майдон эгалари ҳужумлар сонини ошириб, фаол ҳаракат қилди, ҳатто. меҳмонлар дарвозаси яна бир бор ишғол этилди. Фарғоналик Улуғбек Ҳошимов тўпни қўли билан дарвозага йўллагани сабаб бу гол ҳам ҳисобга олинмай, эвазига ўйинни бошқарган ҳакам уни сариқ карточка билан “сийлади”.  

Ушбу баҳс муросасиз, тортишувларга бой ўтди. Шу сабабдан ҳам бош ҳакам Рустам Лутфуллин “Сўғдиёна” футболчиларидан 4 нафарига ва жиззахликлар бош мураббийи Иван Бошковичга жами 5 маротаба, фарғоналиклардан 3 футболчига ва баҳс якунига етадиган чоғида Изатилла Абдуллаевга иккинчи бор сариқ кўрсатиб, 90+7-дақиқада иккинчи сариқ карточка, белгиланган футбол низомига кўра қизилга “айланиб”, у майдондан четлатилди.  

Шундай қилиб, “Нефтчи” ва “Сўғдиёна” ўртасидаги баҳс дуранг натижа билан ниҳоясига етди ва фарғоналикларнинг суюкли жамоаси турнир жадвалида эгаллаб турган учинчи поғонадан биринчи ўринга кўтарилиш имкониятидан фойдалана олмади.  

Шу ўринда, “Нефтчи” саккиз йиллик нохуш, яъни “Сўғдиёна”ни Фарғонада мағлубиятга учрата олмаслик анъанасига чек қўя олмади. “Нефтчи” – “Сўғдиёна” якуний ҳисоб – 0:0.

Ушбу турдаги 10 август санасида Қаршида ўтган “Насаф” – “Бухоро” (Бухоро) баҳсида Рўзиқул Бердиев шогирдлари бир амаллаб, Улуғбек Бақоев бош мураббийлигидаги кўҳна шаҳарликларни 1:0 ҳисобида ютган бўлса, кеча Олмалиқда ОКМК ҳам Тошкентнинг “Олимпик” клубини зўр-базўр 2:1 ҳисобида доғда қолдирди.

Бугун Тошкентда Термизнинг “Сурхон” жамоаси Яйпаннинг “Турон”, пойтахтлик “Бунёдкорчилар” эса Андижоннинг “Андижон” жамоасини қабул қилса, эртага (13 август) Навоийдаги “Қизилқум” ва Бекободнинг “Металлург” клублари ўртасидаги баҳс билан 16-тур ниҳоясига етади.  

А.ҚАЮМОВ,  

ЎзА