Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Нефтчи” – чемпион!
20:17 / 2025-11-22

Ниҳоят узоқ кутилган онлар келди. 24 йилдан сўнг “Нефтчи” футбол жамоаси яна Ўзбекистон чемпиони бўлди.

Мавсум осон кечмади. Айниқса, унинг биринчи ярмида жамоа тасодифий дуранг ва ҳатто мағлубиятларга учради. Аммо мақсад сари қатъий ҳаракат туфайли дастлаб чемпионлик курашининг карвонбошиси – “Насаф” жамоасини қувиб ўтилди. Ва ниҳоят сўнгги тур олдида мақсадга етилди – “Нефтчи” “Қизилқумни” 4:1 ҳисобида енгиб, олтинчи бор чемпионлик кубогини қўлга киритди.

Бу ғалабада албатта жамоадаги аҳиллик, меҳнатсеварлик, маҳорат асосий омил бўлган бўлса-да, “Нефтчи” клубига вилоят ҳокимлиги томонидан яратилган шароит, қулай эътибор, ғамхўрлик ва рағбат ундан кам аҳамият эмасди. Ўн иккинчи ўйинчи деб тавсифланувчи ишқибозлар – “фан клуб” аъзолари ҳам охиригача жамоага садоқат кўрсатдилар.

“Нефтчи”ни тақдирлаш катта байрамга айланиб кетди. 

– Биз Фарғонани Ўзбекистоннинг футбол пойтахтига айлантирамиз, – деди вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров.
– Шахсан Президентимиз эътибори туфайли ўзбек футболи дунёга чиқди, – деди Ўзбекистон футбол федерацияси вице-президенти Равшан Эрматов.

Шундан сўнг бугунги кун футбол қаҳрамонларига чемпионлик олтин медаллари топширилди. Фарғонадаги “Истиқлол” стадиони эса мамлакатнинг энг яхши ўйингоҳи совринини қабул қилиб олди.

Стадион, унга сиғмаган мухлислар унинг атрофига қўйилган улкан экранлар қаршисида байрамни бошлаб юборишди. Чемпионлар шарафига мушакбозлик бошланди.

Шу дақиқаларда эса Фарғона шаҳрида чемпионлар тушган автобуслар паради давом этмоқда. Шаҳар аҳолиси чемпионлар ўтадиган ўнлаб кўчалар бўйларида уларни олқишламоқда.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА.