ФОТОРЕПОРТАЖ
Фарғонада ташкил этилган “Нефтчи” футбол академияси юртимиздаги энг замонавий спорт масканларидан бирига айланмоқда.
Академия “Истиқлол” стадиони ёнидаги “Футбол маркази” негизида барпо этилмоқда. Лойиҳада жаҳоннинг етакчи клублари тажрибаси ўрганилган. Ҳозирда табиий ва сунъий майдаги олтита стадион, ҳар қандай об-ҳавода машғулот ўтказиш имконини берадиган ёпиқ майдон, Бразилия услубидаги қумли майдон ҳамда 150 ўринли ётоқхона барпо этилаётир.
Академияда ўқиш истагини билдирган 2000 нафар боладан 235 нафари танлаб олинди. Саралаш жараёнлари шаҳар ва туманларда давом этмоқда. Маскан фаолияти Украина ва Россия академияларида иш тажрибасига эга мутахассис Игорь Химич томонидан бошқарилади. Маҳорати баланд мураббийлар ҳам танлов асосида жалб этилаяпти.
Ёш футболчиларга чет тиллари ҳам ўқитилади. Академия мамлакатнинг барча ҳудудлари ва қўшни давлатлардан иқтидорли ёшларни қабул қилишга тайёр.
[gallery-26722]
Фарғона вилояти футбол ассоциацияси вице-президенти, собиқ футболчи Носиржон Отақўзиевнинг таъкидлашича, “Нефтчи” академияси яқин йилларда мамлакатимиздаги етакчи футбол мактабларидан бирига айланиб, Фарғона футболи ривожида янги босқични бошлаб беради.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА