French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нефть ва газ саноатининг долзарб масалалари муҳокамада
17:49 / 2025-10-30

Мамлакатимиз нефть-газ саноати соҳаси учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлайдиган етакчи олий таълим муассасаларидан бири – И.M.Губкин номидаги (МТУ) Россия давлат нефть ва газ университети Тошкент шаҳридаги филиалида “Яшил иқтисодиёт ва рақамлаштириш даврида нефть-газ саноати ривожланишининг замонавий тенденциялари” мавзусида IV Халқаро илмий конференция ташкил этилди.

Олий таълим муассасаси бугун 7 та мамлакатдан 380 дан зиёд олим ва мутахассис, 60 дан ортиқ етакчи университет, илмий-тадқиқот институти ҳамда саноат корхоналари вакиллари учун илмий ғоялар алмашиш, тадқиқот натижалари билан танишиш, халқаро тажриба ўрганиш ва касбий алоқаларни кенгайтириш майдонига айланди.

Конференцияда нефть-газ саноатида инновацион ёндашувлар, рақамли технологияларни жорий этиш ҳамда яшил иқтисодиёт шароитида барқарор ривожланиш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинмоқда.

[gallery-25996]

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, олий таълим муассасаси вакиллари, етакчи хорижий университетлардан меҳмонлар, шунингдек, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирокидаги тадбирда пленар ва секцион йиғилишлар ўтказилмоқда. 

Конференция ишида нефть-газ мажмуасининг яшил энергетика тамойилларига ўтиши, углеводородларни қидириш ва қазиб олишда рақамли технологияларни жорий этиш, янги авлод муҳандис кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, барқарор ривожланиш соҳасида халқаро ҳамкорлик истиқболлари каби масалалар юзасидан маърузалар тингланди. 

Тадбир тадқиқотчилар, ёқилғи-энергетика мажмуаси мутахассислари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талабалари, шунингдек нефть-газ саноатининг инновацион ривожланиши билан шуғулланаётган мутасаддилар учун илмий ва амалий аҳамиятга эга. У нафақат билим алмашиш майдони, балки инновациялар, экология ва сайёрамиз келажаги учун масъулият тамойилларига асосланган янги илмий ҳамкорлик маданиятини шакллантириш йўлида муҳим ва дадил қадам бўлиб қолиши, шубҳасиз.

Конференция 31 октябрь куни ўз ишини якунлайди.

Камола ЮСУПОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА