Нефть нархи тўрт йилликнинг энг юқори нуқтасига кўтарилди
АҚШ ва Исроилнинг Эронга уюштирган ҳужумидан кейин биринчи марта биржа савдоси бошланди.
"Блумберг" маълумотига кўра, Брент маркали нефтнинг нархи 13 фоиз кўтарилиб, бир баррель учун 82 долларга етди. Таҳлилчилар таъкидлашича, бу Россия - Украина уруши бошлангандан бери, яъни тўрт йил ичидаги энг юқори ўсиш.
Тўғри, кейин қиймат бироз пасайиб, 78,3 долларга тушган. Ҳисоб-китобга кўра, агар Ҳормуз бўғози орқали ташув тўхтаса, нарх 100 доллардан ҳам ошиб кетиши мумкин. Бинобарин, Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий, гарчи кемалар хавфсизлик муаммоси туфайли ҳудуддан қочаётган бўлса ҳам, мамлакат бўғозни тўсиб қўйиш ниятида эмаслигини маълум қилди.
С.Раҳимов, ЎзА