Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида иқтисодий барқарор ривожланиш ва ишлаб чиқариш стандартларини халқаро меъёрларга мослаштириш муҳим ҳисобланади. Шу сабабли, бу борада нафақат қонунчилик, балки нефть ва газ соҳасида ҳам кенг қамровли техник ислоҳотлар амалга ошириляпти.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ахборот хизматининг хабар беришича, мазкур ташкилот томонидан бу борадаги ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда. Хусусан, STQ 35 “O‘zneftgazmahsulot” техник қўмита билан ҳамкорликда нефть ва газ соҳасида амал қилаётган меъёрий ҳужжатлар халқаро стандартлар билан мувофиқлаштирилмоқда. Бу эса маҳсулотлар сифати ва ишлаб чиқариш жараёнларини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш имконини беради.
– Айни пайтда маҳсулот сифати, ўлчаш ва синов жараёнлари халқаро мезонлар асосида такомиллаштириляпти. Жамият тизимида ишлаб чиқарилаётган табиий газ, бензин, дизель ёқилғи, синтетик дизель ва авиация ёқилғиси халқаро стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилмоқда. Синов методикалари ва аккредитация жараёнлари ҳам босқичма-босқич халқаро талабларга мослаштирилмоқда. Мазкур ўзгаришлар нафақат маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, балки экспорт географиясини кенгайтириш, айниқса, Европа бозорига кириш имкониятларини кучайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, халқаро стандартларга мос ишлаб чиқариш тизими хорижий сармоядорлар ишончини мустаҳкамлашда ҳам муҳим омил ҳисобланади, – деди ушбу ташкилот ахборот хизмати раҳбари Мўмин Ибодов.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз нефть-газ тармоғидаги ушбу ислоҳотлар нафақат миллий иқтисодиётнинг ривожига ҳисса қўшади, балки халқаро бозорда мамлакат маҳсулотларининг обрўсини ва рақобатбардошлигини сезиларли даражада ошириш имконини беради. Бу эса келгусида нефть-газ соҳасини барқарор ва самарали ривожланиши учун мустаҳкам асос яратади.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА