Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нефть-газ тармоғини янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ топшириқлар берилди
12:06 / 2025-12-19

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида нефть-газ соҳасидаги жорий ҳолат ва истиқболли вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Бу ҳақда жамият ахборот хизмати маълум қилди.

Унда Ўзбекистон Республикаси  Бош вазири ўринбосари - иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров иштирок этди. 

Йиғилишда “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг бошқаруви раиси этиб тайинланган Абдуғани Сангинов меҳнат жамоасига таништирилди.

Муҳокамалар чоғида соҳани ривожлантириш учун етарли шарт-шароитлар мавжуд бўлишига қарамасдан, иш самарадорлиги ва қазиб чиқариш ҳажмлари бўйича кутилган натижаларга эришилмаётгани танқид остига олинди. Айниқса, геология-қидирув ишлари ва ишлаб чиқариш жараёнларида тизимли ёндашув етишмаётгани қайд этилди. Шу боис ушбу йўналишларни тубдан такомиллаштириш, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш орқали қазиб чиқаришни барқарор йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир давомида нефть-газ тармоғини бошқаришда замонавий халқаро амалиётларни жорий этиш, компания ички тузилмасини оптималлаштириш ҳамда стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни аниқ натижа беришига йўналтириш бўйича вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, хорижий шериклар билан ҳамкорлик механизмларини қайта кўриб чиқиш ва мавжуд молиявий ресурслардан оқилона фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилишда раҳбар кадрлардан шахсий масъулият, қатъият ва интизом талаб этилиши қайд этилди. Иш жараёнида топшириқлар ижросини назорат қилиш, белгиланган вазифаларни аниқ муддатларда бажариш устувор йўналиш сифатида кўрсатилди. 

Шундан сўнг Абдуғани Сангинов жамият фаолиятини тубдан янгилашга қаратилган стратегия ишлаб чиқилиши ва уни қисқа фурсатларда амалга татбиқ этиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Шу билан бирга, Президент топшириғи асосида нефть-газ соҳасида бошқарувни янада кучайтириш мақсадида Иқтисодиёт ва молия вазирининг нефть ва газ масалалари бўйича ўринбосари лавозими жорий этилгани таъкидланди. Мазкур қарор тармоқни ислоҳ қилиш жараёнларига қўшимча туртки бериши айтиб ўтилди.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади,

ЎзА