Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Нефт-газ соҳасидаги имкониятларни кўпроқ рўёбга чиқариш иқтисодиётга катта фойда келтиради
11:45 / 2026-01-14

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясига кўра, 2030 йилга қадар газ қазиб олиш ҳажмини 62 миллиард куб метрга етказиш режалаштирилган. Бу мақсадга эришиш учун замонавий геология-қидирув ишлари ва инвестициялар муҳим аҳамиятга эга.

Ҳар бир давлатнинг барқарор ривожланиши энергия ресурслари ҳамда хомашё базасини узоқ муддатли ва самарали ўзлаштириш салоҳиятига бевосита боғлиқ. Бу жараёнда табиий газ стратегик аҳамият касб этади. Чунки у аҳоли учун асосий энергия манбаи, саноат тармоқлари учун эса таянч ресурс саналади. Бу иқтисодий барқарорликни таъминловчи муҳим омилдир. 

Шу боис ҳам мутахассислар газ қазиб олиш ҳажмини босқичма-босқич ошириш мамлакат энергетик хавфсизлигининг мустаҳкам пойдеворини яратишини таъкидлашади. Соҳада олиб борилаётган тизимли ва комплекс чора-тадбирлар эса давлат олдида турган бир қатор стратегик вазифаларни самарали ҳал этиш имконини беради.

Ушбу фикрларга “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг халқаро компаниялар билан янги ҳамкорликлар йўлга қўяётганини мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Тузилма хорижий компаниялар билан инвестициялар жалб қилиш бўйича келишувларга эришмоқда. Бу энергия инфратузилмаси ва истеъмол базасини ривожлантиришга хизмат қилади. Хитойнинг нефт-газ компаниялари билан ҳамкорлик бўйича 2026 йил режалари муҳокама қилинмоқда. Бу геология-қидирув ишларини кенгайтириш ва технологиялар киритишга йўналтирилган.

Давлатимиз раҳбари “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти фаолиятининг келгусидаги вазифалари ва режалари юзасидан тақдимот билан танишар экан, газ соҳасида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва геология-қидирув ишларини кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.

– Тақдимотда Президентимиз энг асосий вазифа табиий газ захираларини ошириш ва қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш эканини қайд этдилар, – – деди “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов. – Тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда компаниянинг молиявий соғломлаштириш бўйича режа ва таклифларини илгари сурдик. Жумладан, соҳа олдида турган долзарб муаммолар ва уларни ечиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар юзасидан топшириқлар олдик. Бунинг учун аввало нефт-газ бўйича трансформацияни кучайтириш, рақамлаштириш, молиявий интизомни соғломлаштириш муҳимлиги таъкидланди. Топшириқлардан келиб чиқиб, жорий ва келгуси йилларда амалга оширадиган устувор вазифаларни белгилаб олдик ва уларни сўзсиз бажаришни таъминлаймиз.

Қайд этилишича, “Ўзбекнефтгаз” соҳасини қайтадан кўриб чиқиш, янги технологияларни жорий этиш, жамиятда содир бўлаётган коррупцион ҳолатлар олдини олиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. Барча коррупциявий ҳолатлар, хавфларнинг олини олишга барча чора-тадбирларни кўриб, мазкур соҳада коррупцияга қарши курашишда бешта муҳим йўналиш белгилаб олинган. Ушбу йўналишларда доимий ишлар олиб борилади ва нефт-газ тизимида жиноятчиликни жиловлаш бўйича қатъий интизом ва тартиб ўрнатилади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон нефт-газ соҳасида яхши потенциалга эга. Бу соҳа иқтисодиётда муҳим ўрин тутади. Бироқ табиий газ ва нефт ишлаб чиқаришда кузатиладиган муаммолар стратегик геология-қидирув ишлари, хусусан, янги майдонларни очиш ва технологияларни замонавийлаштиришни талаб қилади.

Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Ўрол Саъдуллаев бу борадаги фикрларини билдириб, геология қидирув ишлари ҳажми самарадорлигини ошириш бўйича аниқ топшириқлар белгиланганини айтди.

– Республика ҳудудидаги истиқболли майдонларда 2026 йилдан бошлаб геологик қидирув ишларни жадаллаштириш эвазига камида 30 та истиқболли майдонни аниқлаб, “Ўзбекнефтгаз” ташкилотига берамиз, – дейди Ўрол Саъдуллаев. – Бунга 2D, 3D сейсмик қидирувни жадаллаштириш эвазига эришиш мумкин. Бунда “Ўзбекгеофизика” ташкилотининг моддий-техник базасини кенгайтириб, замонавий ва инновацион технологияларни жалб этган ҳолда геологик қидирув ишлар самарадорлигини ошириш мумкин. Бу республикада газ қазиб олиш ҳажми оширилиши ва тоғ-кон саноати корхоналарига зарур бўлган хомашё ҳажми ошишига олиб келади.

Газ қазиб олиш ва қайта ишлаш тармоқларининг изчил ривожланиши ёқилғи-энергетика мажмуасининг барқарор ўсишини таъминлайди. 

Натижада Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал энергетика тизимидаги ўрни янада мустаҳкамланади. Шу боис мамлакатда энергетика соҳасини жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда халқаро инвестициялар ва стратегик шерикликлар соҳани модернизация қилиш ҳамда энергия хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА мухбири